Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Депутат «Ташаббусли бюджет»даги овоз беришни чеклашни таклиф қилди

Депутат «Ташаббусли бюджет»даги овоз беришни чеклашни таклиф қилди

Депутат Гулбаҳор Саидғаниева «Ташаббусли бюджет» лойиҳасидаги овоз бериш жараёнини чеклаш, яъни бир одам бир марта ва ўз яшаш ҳудудида овоз бериши кераклигини айтган.

«OneID тизимига ўтишни таклиф қиламан. Бир фуқаро 50 та сим-картаси бўлса ҳам, бир мартадан ортиқ овоз бера олмаслиги ва битта ҳудудда яшовчи фуқаро бошқа ҳудуд учун овоз бера олмаслигини таъминловчи тизим ишлаб чиқишни таклиф қилмоқчиман», деган депутат.

Унинг айтишича, 2 минг киши яшайдиган жойларда 10 мингдан ортиқ овоз йиғилгани сунъий овоз бериш бўлиб қолган ва бу кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган. Бунга жавобан Молия вазири Тимур Ишметов қуйидагича жавоб берган:

«Нима ҳаққингиз бор менинг овозимни чеклашга? Мен ўзимнинг Миробод туманимда бирорта лойиҳага овоз бермаганман, лекин ўша Мўйноқдаги лойиҳага овоз бердим. Бу — менинг овозим», деган вазир.

Эслатиб ўтиш керак, шу йилнинг феврал-март ойлари давомида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида фуқароларнинг фаол иштирокини инобатга олган ҳолда 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди. Уларнинг қаторига 2 мингдан ортиқ овоз (жами 480 мингдан ортиқ овоз) тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳа ҳам қўшилганди.

Маълумот учун: 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича фуқаролар томонидан билдирилган 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 триллион сўм маблағ кўзда тутилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг