Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Darkweb»да террорчиларни қандай аниқлаш мумкин? LEICA экспертлари жавоб берди...

«Darkweb»да террорчиларни қандай аниқлаш мумкин? LEICA экспертлари жавоб берди...

Тошкентда интернетнинг яширин қатламида (darknet) ноқонуний савдонинг олдини олишга бағишланган ўқув семинари ташкил этилди. Европа Иттифоқи молиялаштираётган «Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти»  (LEICA) лойиҳаси доирасида уюштирилган семинарда ДХХ, прокуратура, божхона идораларининг интернетда хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи мутахассислари иштирок этди.

ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, беш кунлик ўқув тадбири давомида соҳа вакиллари терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга қарши курашнинг илғор усулларини ўргандилар.

«Террорчилар ноқонуний савдо-сотиқ, пул ўтказмаларини амалга ошириш, қонунни четлаб ўтган ҳолда портловчи моддалар ва қурол-аслаҳа харид қилишда «darkweb»дан фойдаланиши мумкин. Бу борада биткоин каби виртуал валюта ва бошқа криптовалюталарга ҳам мурожаат этилади. Демак, «darknet»даги террорчиларни кузатиш ва қўлга олиш бўйича янги усул ва чораларни ишлаб чиқариш ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолмоқда», – дейди LEICA директори Генаэл Ле Бретон.

Семинар давомида халқаро экспертлар рақамли далилларни йиғиш ва ўрганишнинг сўнгги тажрибаси билан ўртоқлашди. Бу жабҳада хусусий ширкатлар роли катта экани таъкидланди.

Жиноий гуруҳларнинг виртуал оламдаги яширин бошпанасига айланган «darknet»да ностандарт протоколлардан фойдаланилади, маълумотлар шифрланган ҳолда узатилади. Бу эса жиноий гуруҳлар, жумладан, террорчи тўдалар фаолиятини кузатиш ва фош қилишни мураккаблаштиради. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «darknet»да яширин гуруҳларга қарши курашар экан, инсон ҳуқуқларига доир халқаро меъёрларга ҳам риоя қилиши талаб этилади. Семинар давомида шу каби жиҳатлар борасида ҳам назарий ва амалий билимлар берилди.

Европа Иттифоқининг LEICA (Law Enforcement in Central Asia) дастуридан кўзланган мақсад Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари салоҳиятини ошириш, минтақа мамлакатлари билан терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро ахборот алмашувини кучайтиришдан иборатдир. 2020 йил 1 сентябрда бошланган лойиҳа 2024 йилнинг 31 августига қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил февраль ойида Ўзбекистон ИИВда ўтган LEICA вакиллари билан учрашувда семинар-тренинглар туркумини ўтказишга келишилган.

Миллий гвардиядаги музокараларда ҳам ЕИ ҳамда Ўзбекистон ўртасида ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.

LEICA лойиҳаси доирасида жорий йил июнь ойида Тошкентда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари учун очиқ ахборот манбалари билан ишлаш бўйича, март ойида эса гаровга олинган шахсларни озод қилиш мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг