Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cодиқ Сафоев: «Ўзбекистон — янги дунёда обрў орттирди»

Cодиқ Сафоев: «Ўзбекистон — янги дунёда обрў орттирди»

Халқаро пресс-клубда «Конституция ва қонунчиликда сўз ҳамда матбуот эркинлиги. Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда АОКА канали хабар берди.

Давра суҳбатида сўз олган Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ОАВ — бугун халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бораётганини билдирди.

«Балки ҳали кўп чўққиларга етканимиз йўқдир, лекин силжишларни инкор қилиш мумкин эмас.

БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг эътирофи бўйича, сўз эркинлиги — инсон ривожланишининг ажралмас омили. Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унга демократиясиз, сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди.

Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги — демократиянинг қон айланиш тизимидир, усиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди», — деди Содиқ Сафоев.

Шунингдек, у инсон ҳуқуқлари соҳасида қилинган ишлар боис, халқимиз ўз ғурурини англай бошлаганини, ОАВ, блогерларнинг хатти-ҳаракати ҳам ана шу ғурурни кўрсатаётганини қайд этди.

«Ўзбекистон — янги дунёда обрў орттирди. Бунда ОАВнинг ўрни ниҳоятда катта бўлди. Ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, ахборот хилма-хиллигини барпо этиш ва ривожлантириш — бир томондан инсон ҳуқуқларига оид масала, айни вақтда миллий хавфсизликнинг манбаларидан бири ҳисобланади. Сўз эркинлиги — инсон ҳуқуқларининг бошқа турлари учун пойдевор, замин», деди сенатор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг