Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухородаги «хуфёна учрашувлар боғи» ўрнида «Ёшлар хиёбони» барпо этилади

Бухородаги «хуфёна учрашувлар боғи» ўрнида «Ёшлар хиёбони» барпо этилади

Фото:«Xabar.uz»

Когон шаҳридаги «Адолат» маҳалласида жойлашган «Дўстлик» кўчаси ҳудудида 1100 кв.метр ер майдонида боғ бўлиб, бундан 30 йилча илгари бўш ер бўлган мазкур майдонда аҳоли томонидан ҳашар йўли билан 1000 дан ортиқ манзарали ва мевалари дарахтлар ўтқазилган. Бундан ташқари, аҳоли Когон шаҳар ҳокимлиги захира ери ҳисобланган ушбу ер майдонларининг маълум қисмига томорқа экинлари экиб, вақтинча фойдаланиб келишган. Бироқ кейинги 5-6 йил давомида боғ ва ундаги дову-дарахтлар яшнаб туришининг эътибордан четда қолгани, уларнинг номаълум шахслар томонидан ўзбошимчалик билан кесиб кетилгани, қўй-қўзиларнинг боқилгани ва етмагандек боғнинг хуфёна кўнгилочар учрашувлар хиёбонига айланиб, атрофдаги ёшларга салбий таъсир уйғота бошлагани кенг жамоатчиликни сергаклантирган.

- Бу боғ ҳақиқатан ҳам Когон шаҳар ҳокимлиги захира ер майдони ҳисобланади. Аммо чорак аср илгари шу ерда яшовчи аҳолининг меҳнати билан боғ барпо қилинган. Дарахтлар ўтқазилган. Меваларидан фойдаланиб, бўш ер майдончаларида томорқа экинлари экин келишган. Бироқ бу ер кейинчалик хуфёна учрашувлар масканига айланиб қолганди. Бу кўпчилик ота-оналарни ҳам ташвишлантиргани рост,-дейишди бир нечта «Адолат» фуқаролари.

Бундан ташқари, аҳоли ва фуқароларнинг тегишли идора-ташкилотларга мурожаати  ва шу юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан огоҳлантирилишига қарамай, ҳудуддаги айрим қўни-қўшнилар боғдан ўзбошимчалик билан фойдаланишдан ташқари, қўй-қўзиларни боқишда давом этаверган.

- Биз узоқ йиллар давомида қўшни-қўшнилар билан бўш ер майдонида каттагина боғ барпо этганмиз. Мевали ва манзаралари дарахтлар жуда кўп эди. У-бу баҳоналар билан ўзимизга таниш бўлмаган одамлар дарахтларни кесиб кетаверишди. Кўп ўтмай, ҳудудда йиқитиш-қуриш ишлари бошланди. Боғ атрофи темир панжара билан ўраб олинди. Етмагандек, боғ ёнидаги кўп қаватли ҳамда ҳовли-жойларда яшайдиган аҳоли фарзандлари фойдаланиб келаётган болалар ўйингоҳи ҳам бузиб ташланди,-деди «Адолат»  МФЙ фуқароси Амина Кенжаева,- Болаларимиз уйдан кўчага чиқолмай қолишган. Бир томон катта автомобиль қатнов йўли, иккинчи томон кўп қаватли уй ва ҳовли-жойлар, олд томондаги боғ темир тўсиқлар билан ўраб олинган.

Когон шаҳар ҳокимига кўра, «Адолат» МФЙ «Дўстлик» кўчасидаги жами ҳудуди 10100 кв.метрли ер майдонида «Ёшлар хиёбони» ташкил этиш кўзда тутилган.  Унинг 2019 йил 12 апрелдаги 616-сонли қарорига асосан, «Шодлик-қурилиш аква сервис»  МЧЖга ушбу ер майдонининг 1200 кв.метри «Савдо мажмуаси, сартарошхона, пойафзал тузатиш устахонаси ҳамда тикувчилик цехи» қуриш учун ажратилган. Айни пайтда боғни замонавий кўринишга келтириш ҳамда аттракцион жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Фуқаро Зулайҳо Шаропованинг шикоятича эса, тадбиркор ўзи ва боғ қоровули улар вояга етказган дарахтлар мевасидан фойдаланиб, экинларни пайҳон қилиб келишмоқда. Эртадан кечгача боғда қўй боқишмоқда. Фуқароларнинг бу шикояти ўринли эди. Ҳақиқатан ҳам суриштирув чоғида боғда қўйлар ўтлаб юрган ва дарахтлар пайҳон қилинаётган эди.

Аҳоли томониан тадбиркорга ҳар бир ҳовли тўғрисидан темир тўсиқлар билан ўраб олинаётган боққа кирадиган эшик очиши шартини қўйган. Бироқ, тадбиркор аҳолининг бу талабини рад этган.

- Мен қўчқорни айни пайтда савдо мажмуаси, сартарошхона, пойафзал тузатиш устахонаси ҳамда тикувчилик цехининг қуриб битказилиши муносабати билан шу ернинг аҳолисига хайрия оши учун боқаётганимни тан оламан. Аҳолининг ҳар бири ҳовлиси тўғрисидан боққа кирадиган эшик очиб қўйиш талабини эса қондира олмайман. Ваҳоланки, боғни замонавий кўринишга келтириш учун жуда қиммат маблағ ҳисобига атракционлар келтиради. Уларнинг катта кучланишдаги электр токи эвазига ҳаракатга келиши ҳаммага маълум. Болалар ва аҳолининг хавфсизлиги учун ҳам жавобгарман ахир. Ташландиқ ва жуда кўримсиз аҳволдаги боғ учун айни пайтгача 1, 12 сотх 1 миллиарддан ортиқ харажат қилдим. 50 миллион эвазига бор-йўғи, 100 метр темир тўсиқ ўрнатдик. -деди «Шодлик-қурилиш аква сервис»  МЧЖ  раҳбари, ёш тадбиркор Қаҳрамон Сафаров,- «Ёшлар хиёбони»  Когон шаҳрида мавжуд марказий боғдан ҳам кўркам ва замонавий кўринишга эга бўлади. Ҳозир тадбиркорлик фаолиятимга қайсидир маънода тўсиқ бўлаётган аҳоли ҳали хурсанд бўлади. Бунга ишонаман. Ҳозирча ишлар чала эканлигини яширмайман.

Маълумотга кўра,  ҳудудда «Обод маҳалла»  дастури амалга оширилмоқда. Янгидан барпо этилаётган «Ёшлар хиёбони»да атракцион жиҳозлардан ташқари, ёшлар ва аҳоли учун 350 га яқин соябонли ўриндиқлар, мусиқали фаввора, тадбирлар ўтказиладиган саҳна ва бошқа имкониятлар яратилади. Хиёбонга кириб-чиқиш эса фақат битта дарвоза орқали амалга оширилади.

- Жуда кўплаб дарахтларни кесиб ташлаб, ўрнида 9 та хизмат уйлари тиклашди. Бундан ташқари, уйимиз олдидаги болалар ўйингоҳини бузиб ташлаб, ачинарли аҳволга келтириб қўйишди. Аввалига болалар спорт майдончаларини қайта тиклаймиз, дейишганди. Энди эса бундай майдончалар барпо этилмаслигини билдиришди. Тўғри, яшил футбол майдонини ҳам барпо этишди. Аммо, у пуллик. Бу эса ҳамманинг ҳам чўнтагига тўғри келавермайди,-деди фуқаро Кан Галина.

Шу куни Когон шаҳар ҳокими «Адолат» аҳолиси билан учрашди.  Унга кўра, бирорта дарахт сабабсиз кесилмаган. Жуда кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтларнинг поядан чирий бошлагани ва қуриётгани учун кесиб ташланган.

- Яна шундай дарахтлар йўқ эмас. Уни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин,-деди Когон шаҳар ҳокими   Ҳаким Ҳошимов бир нечта қуриган, илдиз ва поясидан чирий бошлаган дову-дарахтларни кўрсатар экан,-аммо қолган барча соғлом дарахтларни сақлаб қолиш чоралари кўриляпти. Ваҳоланки, замонавий боғнинг кўркам бўлишида манзарали дарахтларнинг ўрни беқиёс. Бундан ташқари, тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт ва буталар янада кўпайтирилади. Хусусан, япроқ ва нинабаргли дарахтлар сони оширилади. Бу хиёбоннинг кўкаламзорлаштириш композициясини яратишда аҳамият касб этади.фақат аҳоли бироз сабр билан кутиши керак. “Обод маҳалла” дастуридаги бунёдкорлик ишлари 2020 йил март ойларида тўлиқ якунланади.

Юзма-юз учрашувда тўловли спорт майдонларидан ташқари, аҳолининг талаб ва истаги билан кўп қаватли уйлар ва ҳовли-жойлар аҳолиси фарзандлари учун қўшимча спорт ўйингоҳлари бунёд этилади.


Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг