Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Бутун дунёга «донғи кетган» зўравон куёв ва ўзбек тўйи

Бутун дунёга «донғи кетган» зўравон куёв ва ўзбек тўйи

Ижтимоий тармоқларда бир воқеа қизғин муҳокама бўлмоқда, фақат ўзбек сегментида эмас, бутун дунёда! Нима дейсизми? Ўзбекнинг тўйи! Мақталаяптими дейсизми? Йўқ. Яъни куни кеча аллақандай конкурсда келин ғолиб бўлгани ва бунга чидолмаган куёв келиннинг бошига бир мушт туширгани. Бутун дунё нафақат бу видеони томоша қиляпти, балки ҳайратланяпти, балки шокда! Бир кунда миллион марталаб кўрилган видеолар, янгиликлар остида, албатта, ўнлаб ғазабланган изоҳлар мавжуд. Ва, албатта, бир хил савол — нега куёв бундай қилди?

Кеча рус маданияти вакилларининг ушбу ҳолатга нисбатан нафратга тўла муносабатларини эълон қилгандик.

Хорижлик Морена Морана ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ўз мулоҳазаларини билдиряпти: «Контекст – анъаналар, жамиятнинг муносабати, маълум бир гуруҳдаги оилавий зўравонликка муносабатни ҳисобга олмасдан туриб, бу саволга жавоб бериб бўлмайди, деб ҳисоблайман. Шунинг учун, бир нечта фикрларга аниқлик киритмоқчиман:

Ўзбекистонда турмуш қуриш қарорини ҳамон ота-оналар қабул қилади. Эркакнинг қачон уйланиши, унга қайси хотин тўғри келиши ва ҳоказоларни катталар ҳал қилишади. Яъни, тўйни икки кишигина ўртасидаги муносабатларнинг энг юқори нуқтаси эмас. Ўзбекларда тўй — бу қариндошлар учун катта шоу ва катта авлодларнинг хоҳиш-иродаси билан. Демак, куёв келинни севиши шарт эмас. Баъзи жойларда келиннинг нархи бор. Ўзбекистонда жисмоний зўравонлик камдан-кам ҳолларда ажралишга сабаб бўлади. Мен статистикада бундай сабабни топа олмадим, ваҳоланки, бошқа сабаблар ҳам кўп, жумладан, томонлардан бирининг фарзанд кўришни истамаслиги. Социологик сўровлар шуни кўрсатадики, 10,3% аёл ўз хатти-ҳаракати билан эрини куч ишлатишга ундаган ҳолларда зўравонлик қўллаш мумкинлигини тан олади. Aёлларнинг 43 фоизи эса ҳаёти давомида оилада жисмоний зўравонликка дучор бўлган. Aйрим маълумотларга кўра, бу ерда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг 87 фоизи оиладаги зўравонликларга тўғри келади.

Ўзбекистонда ажралишлар кам – 15 фоиз. Парчаланган оилаларнинг 2/3 қисми ҳақида нолишни севувчиларимиз кўпинча ажралиш даражаси сезиларли даражада паст бўлган жамиятни мисол қилиб келтиришни яхши кўрадилар. Лекин ҳар доим ҳам аёллар у ерда бахтли эмас ва видео бунинг исботларидан биридир.

Маълум бўлишича, саволга жавоб жуда оддий — куёв келинни қўлидан келгани учун урган. Чунки у шу пайтгача ҳеч қандай оммавий танқидни учратмаган ва учратмайди ҳам. Чунки жамиятнинг бундай хатти-ҳаракатларга бағрикенглик даражаси юқори».

Бу видео нафақат Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россияда, балки Корея, Америка, шарқий давлатлар YouTube каналлари ва расмий нашрларида машҳур бўлди. Масалан, Сеулнинг янгиликлар каналига кирсангиз, Британиянинг Daily Mail нашрининг хабар беришича, деб бошланади хабар. Now news’га кирсангиз, Қирғизистоннинг «Спутник Киргизистан» нашри хабар беришича, деб бошланади. YouTube’да эса «Groom punches bride at their wеdding», «Uzbekistan: Groom slaps wife at wеdding because he lost game». Яъни ўзбек тўйида куёв келинни мушт билан туширди, деб бонг уриб ётибди.

Ушбу мавзуни қидиришга берсангиз, ҳар хил тилларда ўзбекча тўй, куёв келинни бир мушт туширди, тўйдан кейин нима бўлди, давоми, деган видеолар чиқиб келади. Ва кўпчилик шокда ва ҳайратда. Биз-чи биз, биз ўзбеклар учун зўравонлик оддий ҳолга айланиб бўлганми? Кичкинагина мусобақада ютқазиб ғазабини жиловлай олмаган куёв оила деган мусобақага тайёрми, рўзғорнинг муштига-чи?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг