Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Буғдойзордаги прокурор ёки Шамсутдиновга «мастер-класс»!

Буғдойзордаги прокурор ёки Шамсутдиновга «мастер-класс»!

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан иш юзасида гаплашмаган кунимиз йўқ. Кундалик мулоқотларнинг энг катта фойдаси шуки, прокуратура тизимининг «ички кухняси» ҳақида оздир-кўпдир тасаввур ҳосил қиласан. Ўз навбатида, маҳкама масъули ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари ишининг маълум икир-чикирларидан воқиф бўлиб боради.

Яқинда Ҳаёт Неъматович кафтдеккина матн ва сурат юборди: шуни сайтда чиқарсак?

Матнни ўқидик: Сирдарё вилоят прокурори Р.Машарипов раҳбар бўлган секторда буғдойга ўроқ тушибди. Ҳосил чўғи баландроқ бўлиши эҳтимоли юқори экан. Бунга исбот тариқасида ўша прокурорнинг буғдойзорда босиқ, аммо юзидан мамнунлик акс этган (хотини ўғил туққан эркакдай гўё) сурати илова қилинган денг...

«Бу хабар «Xabar.uz»га кўпам тортмайди», дедик очиқ-ойдин ва бироз сўз ўйини қилиб.

«Нега? Республикада биринчи бўлиб...».

«Барибир фавқулодда янгилик эмас-да, саратон эшик қоқиши ҳамоно буғдой ўрими бошланиши кимга сир?!».

Шу гапдан кейин тасаввур қилдикки, Ҳаёт Шамсутдиновнинг пешонаси тиришди, буғдойранг юзи хиёл қизарган бўлса керак-ов. Нега десангиз, ҳамсуҳбатимизнинг кейинги гапларида изтеҳзо оҳанги бўртиб қолди-да: «Агар ўша буғдойзорда прокурор комбайндан йиқилиб, оёғи синган бўлса, шу ҳақда ёзардинглар-а?!»

«Албатта!»

«Нега?»

«Прокурорнинг ҳар куни буғдойзорда юриши янгилик эмас. Бироқ доим ҳам комбайнга чиқиб, оёғини синдирмайди. Гап шунда!».

«Йўғ-е?!».

«Ҳа-де?!».

Шундай кейин Бош прокуратурадан буғдойзорда юрган прокурорлар ҳақида бошқа хабар келмади. Ҳеч ким лат етмаган, чамаси...

Саломат бўлишсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг