Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бриллиантлар ҳақида нима биламиз? Қимматбаҳо тошлар бўйича халқаро эксперт билан суҳбат

Бриллиантлар ҳақида нима биламиз? Қимматбаҳо тошлар бўйича халқаро эксперт билан суҳбат

Фото: «kommersant.ru»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали янги лойиҳани амалга оширади. У орқали республикамизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларида фаолият кўрсатаётган ҳамюртларимиз билан интервьюлар бериб борилиши режалаштирилган. Илк суҳбатдошимиз геолог ва юртимиздаги бриллиант тошлар бўйича ягона бўлган халқаро эксперт Баҳодир Мажидов. Қаҳрамонимиз Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирда у қимматбаҳо тошлар экспертизасида фаолият кўрсатиб келади.

Фото: «Xabar.uz»

Сизнинг геология соҳасига қизиқишингиз ва ушбу мутахассисликни танлашингизга нима сабаб бўлган?

Болалигимдан геология соҳасига қизиқаман. Шу боисдан
2011 – 2015 йилларда Тошкент давлат техника университетининг Геология ва кончилик иши факультетида таҳсил олдим. Ўқишни тамомлаб, бир муддат мутахассислигим бўйича турли идораларда хизмат қилдим.

Аммо, қимматбаҳо тошларга қизиқишим ушбу соҳа бўйича тажрибаларимни ошириш зарурлигини кўрсатди. Шу мақсадда, 2019 йил «Gemology Institute of America» халқаро институтини «Diamond Essential» йўналиши бўйича муваффақиятли ниҳоялаб, сертификат олдим. Бугунги кунда бриллиантлар, қимматбаҳо металлар ва улардан ясалган заргарлик буюмлари экспертизасида фаолият кўрсатиб келяпман.

Соҳангизни бугунги ривожланаётган Ўзбекистон учун қай даражада муҳим деб ҳисоблайсиз?

Геология ва қимматбаҳо металлар дунё иқтисодиётининг йирик тармоқларидан бири. Аммо, очиғи ҳозирги кунда мамлакатимизда мазкур соҳа мутахассислари ниҳоятда кам. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб айтишим мумкинки, соҳамиз Ўзбекистон иқтисодиётига катта даромад келтира олади. Шу нуқтаи назардан, ислоҳотлар олиб борилаётган бугунги Ўзбекистон учун геология ва қимматбаҳо тошлар соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш зарур деб ўйлайман.

Суҳбатимизни бриллиантлар мавзусида давом эттирсак. Бриллиантлар асли нимадан таркиб топган?

Бриллиант cоҳамиз тили билан айтганда қирраланган олмос дейилади. Одатда бриллиантнинг 99.95 % углероддан таркиб топган. Унинг кимёвий энг яқин қариндоши кўмир. Олмос юқори босим ва ҳарорат ҳисобига ўзига хос гўзаллик, шаффофлик ва ёғдуга эга бўлади. Бугунги кунда бриллиантлар учун қирралашга яроқли олмослар табиатда ниҳоятда кам. Одатда олмос ўзининг чидамлилиги билан эмас, айнан қаттиқлиги билан машҳур. Олмосни фақат олмос билан тирнаш мумкин.

Шунингдек, ҳозирда заргарлик сифатига эга тошлар бир нечта йирик корпорация назорати остида дунёга тарқалади. Бу ёпиқ бозор, тошлар қиймати барқарор, шунинг учун олмос биржалари аксарият савдогарлари уларни валютанинг энг ишончли эквиваленти деб ҳисоблайди, айниқса, уларнинг ихчамлиги қадрланади.

Бриллиантлар бир-биридан қандай омилларга кўра фарқланади?

Бриллиантлар чиройи ва сифати тўртта омил: ранг, софлиги, қирраланиши ва каратига қараб таснифланади. Бу халқаро тизим, яъни 4C деб аталади. Бриллиантларнинг 3 тури мавжуд: табиий, сунъий ва симулянт.

Ҳозирги кунда рангсизлиги учун қадрланадиган бриллиантлар бозорда кўп. Aсосан бриллиантлар сариқ, жигарранг, мовий, яшил, пушти, қизил ва рангсиз бўлади. Рангли бриллиантлардан энг кўп учрайдигани – сариқ ва жигарранг. Ундан кейин пушти, яшил ва мовий тошлар келади. Қизил бриллиант жуда ноёб ҳисобланади.

Муҳим маълумот сифатида айтиб ўтмоқчиман, бозорларда учраб турувчи қора рангли бриллиантлар маркетинг ҳийласи. Яъни, бундай рангдаги юқори сифатли тош аслида мавжуд эмас.

Мутахассис сифатида бриллиантнинг нарх ва сифат нисбати бўйича қандай танлашни тавсия берасиз?

Бир қаторда турган турли рангдаги бир нечта тош ўртасидаги фарқни фақат мутахассис пайқай олади. Нозик фарқларнинг аксариятини фақат лупа ва микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Шунинг учун дастлаб ўлчам ва рангни аниқлаб олиш, шундан сўнг софлигини текшириб кўриш муҳим. Масалан, ўлчами ва софлигига ишониб, ранглар шкаласи охиридан ёрқин сариқ тошни танлаб, тежамкорлик қилиш мумкин.

Келгусидаги режаларингиз қандай?

Айни кунларда хорижлик ҳамкорлар билан Марказий Осиёда ягона бўлган бриллиант ва бошқа қимматбаҳо тошлар савдо мажмуаси ҳамда халқаро экспертиза марказини ташкил этиш ишларини олиб боряпман. Шу билан бирга келгусида соҳамиз бўйича етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадим ҳам бор.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг