Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура: Қувасойда жойлашган қўшма корхонадаги ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура: Қувасойда жойлашган қўшма корхонадаги ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Скриншот: «Xabar.uz»

Роппа-роса ўн кун бурун «Xabar.uz»да «Яна Фарғона. Инвесторнинг соқоли муҳимми ёки ҳуқуқи?» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилганди. Унда Қувасойда хорижлик инвестор иштирокида қўшма корхона очилгани, бироқ у киритган инвестиция маҳаллий ҳамкори томонидан ўзлаштирилганининг катта эҳтимоли ва бошқа ҳолатлар қаламга олинганидан бохабарсиз.

Куни кеча мақола юзасидан Бош прокуратурадан жавоб келди. Маҳкама матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Қувасойдаги «Running busines trans invest» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма корхонасининг хорижлик таъсисчиси мурожаатидан кейин ЖК(жиноят кодекси)нинг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Прокуратуранинг ушбу жавоби Қувасой шаҳар ИИБ суриштирувчиси томонидан аввал икки марта терговга қадар суриштирув ўтказилиб, иккисидаям жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори бекор қилингани англашилади. Яъни, жиноят аломатлари йўқ эмас, бор. Хорижлик инвесторнинг маҳаллий ҳамкори ва Қувасой ИИБ суриштирувчисидан норози бўлгани бежиз эмас экан. Бундан ташқари жиноят иши кўп ўтмай ЖКнинг 168-моддаси 1-қисмидан 168-моддаси 2-қисми «б» бандига (фирибгарлик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши) қайта малакалангани суриштирувчи икки бор «жиноят аломатлари йўқ» деб топган ҳолатда аслида айблов кўлами нечоғи эканини ҳам кўрсатади. Демак, ИИБ суриштирувчисига ҳам саволлар етарли...

Прокуратура жавоби шундай якунланади: «...«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида эълон қилинган «Инвесторнинг соқоли муҳимми ёки ҳуқуқи?» сарлавҳали танқидий мақоласида баён этилган важлардан келиб чиқиб, жиноят иши бўйича ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона тергов ҳаракатларини ўтказилишини таъминлаш мақсадида, 10.11.2019 йилда Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғига ёзма кўрсатма берилди. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг