Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Баронесса Алисон Сатти: «Ўзбекистон, албатта, яхши натижага эришади» (видео)

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири Буюк Британия Лордлар палатаси аъзоси, Лондонда жойлашган давлат сиёсатини тадқиқ этиш институти тадқиқотчиси ва Ўзбекистондаги сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этган баронесса Алисон Сатти билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистонга хуш келибсиз. Сиз меҳнат фаолиятингизни ўқитувчиликдан бошлагансиз. Бугун эса дипломатик миссия билан Ўзбекистонда бўлиб турибсиз...

– Мен бу ердалигимдан жуда хурсандман. Бу – Ўзбекистонга учинчи ташрифим. Тўғри айтдингиз, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Сўнг, бир неча йиллар давомида Британия парламентида сиёсий ишлар бўйича ёрдамчи ва тадқиқотчи бўлиб ишлаганман. Ундан сўнг 10 йил мобайнида Европа парламентида фаолият олиб бордим. У ерда мен Европарламент президентининг матбуот котиби сифатида иш олиб борганман. Буюк Британияга қайтиб, вазир ўринбосари лавозимида фаолиятимни давом эттирганман. 2013 йилдан Британия парламентида баронесса сифатида фаолият юрита бошладим. Парламент аъзоси сифатида дипломатияга жуда қизиқаман. Биз тажриба алмашиб кўп нарса ўрганишимиз мумкин.

– Давлат сиёсатини тадқиқ этиш институтидаги фаолиятингиз ҳам мамлакатда олиб борилаётган сиёсат ҳақида тасаввур ҳосил қилишингизга ёрдам беради. Айтингчи, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги сиёсат қай даражада ўзгарди? Мамлакатимизга ташрифингиздан кейин фикрингиз ўзгардими? Ўзбекистон бу сафар сизда қандай таассурот қолдирди?

– Юқорида айтганимдек, мен Ўзбекистонга учинчи марта ташриф буюрдим. Илк марта 2017 йили, иккинчи бор 2018 йили ва мана шу йилда учинчи бор келдим. Ҳар доим келганимда катта ислоҳотлар, ўзгаришлар, ижтимоий сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар гувоҳи бўлдим. Умуман олганда, бир мамлакатда янги ўзгаришларни қилиш, янги қадамларни босиш осон иш эмас. Ўзбекистон учун ҳам бу осон бўлмади. Шунга қарамай, турли соҳаларда – соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида янгиликлар амалга оширилмоқда. Келгуси йилларда мени келишимга ҳам мана шу ислоҳотлар сабаб бўлади.

– Сиз ҳам бевосита сайлов участкаларида бўлдингиз ва сайлов жараёнларини кузатдингиз. Фуқароларнинг сиёсий фаоллигини қандай баҳолаган бўлардингиз?

– Мен 5 та сайлов участкасида бўлдим. Компютерлашган тизимга гувоҳ бўлдим. Паспортингиз рақамини ёзганингизда сайлов участкангизни аниқлаб бериши мумкин, яъни рўйхатини чиқариб беради. Бу Ўзбекистон учун жудаям ижобий натижа.

Баъзи кузатувчилардан шуни эшитдимки, бир вақтнинг ўзида бир киши икки кишига овоз бериши кузатилибди. Бу, албатта, ижобий ҳолат эмас. Мен Буюк Британиядан катта тарих ва ҳақиқий демократия таассуротлари билан келганман. Албатта, ҳақиқий ва энг яхши натижага эришиш вақт талаб қилади. Ўзбекистон, албатта, яхши натижага эришади. Умуман олганда, менда бу жараёнлар ижобий таассурот қолдирди.

– Буюк Британия ҳуқуқшунослик ва сайлов ҳуқуқи бўйича қадимий мактабга эга. Сизнингча, Буюк Британиядаги қайси амалиётни мамлакатимизда қўлласа бўлади?

– Буюк Британияда парламентар демократия тарихдан маълум. Узоқ йиллар давомида шаклланган. Сиёсий тадбирлар кўп бўлиб ўтади. Парламент демократия доимо ўзгариб, янгиланиб борадиган жараён. Албатта, бу вақт талаб этади. Парламент инсонлар овоз бериши мумкин бўлган катта сиёсий куч ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам бу йўлга қўйилса, халқ овози кучли бир омил бўлса, бу янада яхши натижа беради. Парламент – инсонлар овозини ҳокимиятга етказувчи энг муҳим қисм ҳисобланади.

– Мамлакатимизга ташрифингиз яна режалаштирилганми? Келажакдаги нафақат сиёсий, балки сайёҳ сифатида ҳам келасизми?

– Уч йил олдинги ташрифимда мен Бухорода бўлганман. Бухоро ҳақида жуда яхши таассуротлар қолган. Шаҳарни жуда яхши кўриб қолганман. Кейинги сафар келганимда Хивада бўлмоқчиман. Кетишимдан олдин Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида бўлиб қайтишни режалаштиряпман. Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон жуда ҳам муҳим ҳудуд. Бир қатор соҳаларда анъаналарга эга. Тез орада яна қайтаман.

– Ўзбекистон кундан-кунга ўзгариб бораётгани жаҳонда ҳам эътироф этилмоқда. Сиёсатчи сифатида мамлакатнинг ривожланиш йўли ҳақида нималар дея оласиз?

– Бу ҳозирча фақат бошланиши. Бу жараён давом этиши, ривожланиши керак. Албатта, ўз ҳамкасбларимни ўзбек парламенти билан ҳамкорликка чорлайман. Сиёсий жараёнлар, албатта, вақт талаб этади. Сабр, иштиёқ ва бошлаган ишини охирига етказиш жуда муҳим. Халқаро тажриба ҳам муҳим. Буюк Британия ҳам Ўзбекистондан ўрганиши керак бўлган соҳалар бор. Биз халқаро миқиёсида тажриба алмашишимиз керак. Энг яхши парламентар мулоқот бошқа давлатлардан ўрганишдир. Ўзбекистон халқаро майдондан ўрганса, биз Ўзбекистондан ўрганишимиз мумкин. Парламентар алоқаларимизни мустаҳкамласак ажойиб иш бўлади.

Санжар Шомуродов суҳбатлашди

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг