Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

БААдан келтирилаётган йирик миқдордаги сохта транзит фош этилди

БААдан келтирилаётган йирик миқдордаги сохта транзит фош этилди

Фото: Божхона матбуот хизмати

Давлат божхона қўмитасининг тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда республика ҳудудига транзит равишда олиб кирилиб, гўёки қўшни давлатга олиб чиқилиши режалаштирилган товар-моддий бойликларни ички ҳудудда тушириб қолдирилганлиги фош қилинди.

Бирлашган Араб Амирликларидан юк автотранспорт воситасида келтирилаётган, ҳужжатларга кўра 48 минг 341 АҚШ доллари қийматидаги салкам 26 тонна оғирликдаги парфюмерия воситалари дастлаб Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Олот» чегара-божхона пости орқали республикамиз ҳудудига киради.

Транзит тарзида ҳаракатланаёган мазкур юклар қўшни давлатга чиқиши учун Фарғона вилоятидаги «Ўзбекистон» чегара божхона постига йўналтирилади.

Аммо, тезкор маълумотлар асосида мазкур юк автотранспорт воситаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудида божхона ходимлари томонидан тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилади. Натижада, тегишли ҳужжатларга мувофиқ автомашинага ортилган парфюмерия воситаларининг катта қисми йўл давомида тушириб қолдирилганлиги маълум бўлди.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларидан сўнг юк автотранспорт воситасидаги парфюмерия товарлари пойтахтимизнинг Сергели туманидаги омборлардан бирига ноқонуний равишда тушириб қолдирилганлиги аниқланди.

Шундай қилиб, мазкур тезкор тадбир натижасида сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 95 минг 577 дона парфюмерия воситаларининг яширин айланмасига чек қўйилди.

Қиймати салкам 15,3 млрд. сўмни ташкил қилаётган мазкур товарларнинг эгаси ҳам аниқланиб, ушбу шахсга нисбатан тегишли процессуал хужжатлар расмийлаштирилди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 7824 та контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 574 млрд. сўмдан зиёд бўлган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг