Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижон ҳокимига оид аудиолар «усталик билан монтаж» қилингани айтилди. Бироқ...

Андижон ҳокимига оид аудиолар «усталик билан монтаж» қилингани айтилди. Бироқ...

Фото: Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумки, кейинги бир неча кун ичида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бир эмас, учта ҳақоратли аудиолари тарқалди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати бир-бирига уланиб ва бир-бирини «тўлдириб» бораётган аудиолар хусусида расмий баёнот берди.

Баёнотда «...кетма-кет тарқалиши ортида Андижон вилояти ҳокимига нисбатан ахборий ҳужумлар уюштириш, вилоятда бўлаётган ўзгаришларга нисбатан холисона фикр билдираётган журналистлар ҳамда фуқароларнинг муносабатларини бошқа тарафга йўналтириш, вилоят ҳокими ҳамда тадбиркорлар ўртасида сунъий тўсиқларни юзага келтириш каби мақсадлар» ётгани айтилади. Шунингдек, «...бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан 2 йил муқаддам ёзиб олинган аудиоёзувлар ижтимоий тармоқлардан кўчириб олиниб, ғаразли мақсадда уни маълум қисмини кесиб, «ҳайп» қилиш ниятида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиб» борилаётганига урғу берилар экан, «...соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда тарқалган аудиоёзувларни ўрганиш ишлари олиб» борилгани ва (аудиоёзувлар) «алоҳида мутахассислар» ёрдамида монтаж қилинганлиги маълум бўлгани» таъкид этилади.

Расмий баёнотда тарқалган аудио, уларнинг ҳар бирида тилга олинган ҳолат ва ҳақоратлар ҳақида лом-лим дейилмайди. Фақат ҳокимнинг талабалар уйига бориб, тоза гиламчага пойафзали билан чиққан ҳолати акс этган суратга нари-бери изоҳ берилган, холос. Тарқалган аудиолар олдида ҳокимнинг қимматбаҳо оёқ кийими билан тоза галамча устида ўтиргани кўп аҳамиятли эмас.

Иккинчидан, тарқалган аудиолар «2 йил муқаддам ёзиб олингани» ҳақидаги иддаолар ҳозирданоқ шубҳа уйғотмоқда. Битта мисол. Сўнгги тарқалган учинчи аудиода Шуҳрат Абдурамонов «Алишер Усмонов деган ҳооов миллиардер» қишлоқларни обод қилиш учун Наманганга «50 миллион доллар пул бергани»ни тилга олади. Ваҳоланки, А. Усмонов ўзи туғилиб ўсган вилоятга шунча ҳиммат кўрсатгани ўтган йили (икки йил аввал эмас!) маълум бўлганди.

Қисқаси, баёнотда иштибоҳ уйғотадиган нуқталар етарли. Унда таъкид этилганидек «мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан дастлабки суриштирув ишлари амалга ошираётгани» инобатга олинса, баёнотнинг «ёпишмаган жойлари»га ойдинлик киритилар балки?!

Гап бундаям эмас, аслида.

Гап шундаки, аудиолар қачон ёки ким томонидан ёзиб олингани ва нима мақсадда тарқатилаётганидан қатъи назар, овоз вилоят ҳокимига тегишли экани инкор этилаётгани йўқ. Унда янграган ҳақоратлар эса «имиджига даҳл қилинаётган» ҳокимнинг маънавий қиёфаси ҳақида етарлича тасаввур беради барибир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг