Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлиги коррупцияга қарши қандай курашмоқда?

Адлия вазирлиги коррупцияга қарши қандай курашмоқда?

Фото:«Xabar.uz»

Коррупцияга қарши кураш нимани англатади? Ён-атрофимизда коррупция аломатларининг борлигини. Бу худди организмга бехос тушган вирусга ўхшайди. Токи унга қарши кишида кучли иммунитет яралмас экан, ҳар қандай дори-дармон кор қилмаслиги мумкин. Шу жиҳатдан олиб қаралса, коррупция иллатига қарши курашни жадал суръатда олиб боришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Чунки коррупция нафақат демократиянинг, умуман ҳар қандай тараққиётнинг олдида турган ғов.

Биринчи навбатда, коррупцияга қарши курашни давлат ўзидан, давлат органларидан бошлаши лозим. Буни яхши англаган Адлия вазирлиги ўз тизимида коррупцияга қарши ўзининг қатъий позициясини билдириб, жиддий амалий чора-тадбирларни қўллашга киришди.

Энг асосий мақсад – адлия органларини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш юзасидан адлия вазирининг буйруғи қабул қилинди.

Бугунги кунда адлия тизимида ишлаш принциплари ҳам, иш усуллари ҳам, умуман ходимларнинг дунёқараши ҳам ўзгарганини кўриш мумкин. Бунга, аввало, кадрлар билан ишлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилгани сабаб бўлди.

Кейинги икки йилда адлия органлари ходимларининг иш ҳақини уч марта оширишга эришилди. Мантиқ оддий: яхши маош оладиган ходим, аввало, иш жойини йўқотишни, қолаверса, қонуний даромади етарли бўлса, ноқонуний йўл билан пул топиб, биографиясини булғашни истамайди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастури қабул қилинди, Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш кенгаши ва махсус бўлими тузилди, «Адлия вазирлигининг Коррупцияга қарши курашиш сиёсати» тасдиқланди ва коррупцияга қарши курашишга қаратилган бир қатор ички ҳужжатлар қабул қилинди.

Эндиликда, ҳар қандай даражадаги лавозимда ишлаётган ходим коррупциявий ҳуқуқбузарлик содир этса, адлия у билан хайрлашади.

Таъкидлаш жоиз, адлия тизими авваллари ҳам коррупция кўрсаткичи юқори давлат органлари сафида турмас эди. Аммо нотариат соҳасида фуқароларнинг эътирозларини рад этиб бўлмасди.

Адлия вазирлиги ушбу муаммо билан курашга жиддий бел боғлади ва нотариат тизимидаги коррупцияни жиловлашга муваффақ бўлди.

Бугунги кунда электрон ҳужжат алмашинуви, «Нотариус» дастури, видеокузатув ва бармоқ сканерлаш тизими, смс-хабарнома, фаол нотариус модели каби инновацион ёндашувлар сабаб нотариат тизими анча тозаланди. Бундан ташқари, хусусий нотариал идораларнинг фаолият юритишига ҳам рухсат берилди.

Максимал даражадаги шаффофликни таъминлаш мақсадида адлия вазирлигида «Очиқ адлия» дастури қабул қилинди. Дастур фуқаролар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш имконини кучайтирди. Эътибордан четда қолаётган камчиликлар, қолаверса ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича бевосита жамоатчилик ёрдамига таянилмоқда.

Вазирлик биносида хизмат хоналарнинг жойлашиш структурасини ҳам очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида қайта кўриб чиқилди. Ходимларнинг кунлик фаолияти бемалол кузатиб бўладиган даражада жойлаштирилди. Бу эса назоратни, иш унумдорлигини оширишга сабаб бўлмоқда.

Очиқликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, бу шубҳасиз, молиявий маълумотлардир. Молиявий маблағларнинг сарфи, қайдан келиб қайга кетаётгани, нима мақсадларда ажратилаётгани, умуман, Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирлик веб-сайтида эълон қилиб борилмоқда.

Бунда харажатлар, уларни амалга оширилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, харид қилиш билан боғлиқ шартномалар рўйхати билан танишиш мумкин бўлди.

Бундан ташқари, Адлия органлари ва муассасалари маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг вакилларини қабул қилишда видео ва аудиога ёзиб олиш тизими жорий этилди.

Адлия органлари ва муассасаларидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарларни дарҳол ва ўз вақтида етказилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида «@antikorbot» номли махсус бот яратилди.

Махсус бот орқали шу кунга қадар 2 мингдан ошиқ тезкор хабарлар келиб тушди. Бу хабарларга асосан ўтказилган хизмат текширувлари натижасига кўра ички тартиб қоидаларни бузган 18 нафар ходим билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Жавобгарлик муқаррар бўлмаган жойда қонунийлик ва коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлиги ҳақида гапириш бефойда. Коррупция ҳолатлари аниқлангач кўриладиган жазо чоралари фақат коррупционерни эмас, у орқали бутун жамиятни тарбиялайди.

Шу мақсадда давлат нотариал идораси, нотариал архив ва давлат хизматлари марказларида 1 028 та қисқа муддатли текширишлар(рейд тадбирдари) ўтказилиб, 832 нафар масъул ходимга тегишли жазо чоралари кўрилди.

Шу билан бирга, 670 та «сирли мижоз» тадбирлари ўтказилиб, реал хизмат олувчи шахс сифатида давлат хизматлари жараёнида қатнашиш орқали хизмат кўрсатишнинг сифати, муддати, шарт-шароити ўрганилиб, 221 нафар масъул ходимга тегишли жазо чоралари кўрилди.

5 316 нафар ходим орасида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, бунда ходимларни Адлия вазирлиги ходимларининг жамиятда қабул қилинган

хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этиш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик муқаррарлиги тушунтирилди.

Комплаенс назорат

Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашишнинг «комплеанс назорат» тизими жорий этилмоқда. Мақсад – соҳада пора олиш учун мутлақо имкон қолдирмаслик.

Шу сабабли дунёнинг энг йирик 4 та етакчи халқаро аудиторлик ташкилотларидан бири KPMG компанияси билан ҳамкорликда махсус лойиҳа ишга туширилди.

Адлия вазирлигида коррупция кўрсаткичи юқори бўлмасада лойиҳанинг I-босқичида доирасида KPMG компанияси томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида потенциал 492 та коррупциявий хавф-хатар аниқланган.

Ушбу фактни инобатга олган ҳолда, ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимлари – Фойдаланиш бўйича талаблар ва тавсиялар» халқаро стандарти талабларини инобатга олган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва етакчи халқаро амалиёт асосида Адлия вазирлигининг барча ички ҳужжатлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади, Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлигида коррупцион хавф хатарларни комплекс бартараф этиш орқали адлия тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантиришдир.

Нусратулло Парпихўжаев,
Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг