Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

101 ватандош изидан ёхуд ўзбек йигитининг антиқа лойиҳаси ҳақида

101 ватандош изидан ёхуд ўзбек йигитининг антиқа лойиҳаси ҳақида

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг фаоли, Навоий вилояти адлия бошқармаси ходими  Жонибек Шуҳратов «101 ватандош» экспедициясини ташкил қилди. У Нидерландия, Германия, Польша, Россияда бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанггоҳларда жон берган ҳамда асирликка олинган ўзбек ўғлонлари ҳақида маълумот тўплади, архив ҳужжатларини ўрганиб, қабрларини зиёрат қилди. Лойиҳани амалга оширишда Навоий вилояти ҳокимлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари яқиндан ёрдам берди.

Жонибек сафардан қайтиб келган куниёқ таассурот ва тафсилотларни биз билан ўртоқлашди. Экспедиция аъзолари икки ҳафта мобайнида кўрган-кечирганларини қоғозга тушириш жуда қийин. Сабаби уруш ва тинчлик, ҳаёт ва ўлим, адолат ва разолат ҳақида гап борганда ҳиссиёт доимо тафаккурдан устун келади. Бу пайтда аччиқ ҳақиқат тилингни куйдириб, қалбингни ларзага солиши аниқ. Уруш даҳшатлари, айниқса, одамлар устидан ваҳшиёна экспериментлар ўтказган фашизмни эслаганда худди шу ҳолатга тушамиз.  

1941 йилнинг 27 сентябрида Смоленск остонасидаги жангда мағлубиятга учраган 865 нафар совет аскари Нидерландиядаги «Амерсфорт» концлагерига олиб келинади, — дейди Жонибек Шуҳратов. — Уларнинг 101 нафари ўзбек бўлган. Аксарияти сармарқандлик. Фақат икки нафари — Қодир Хотамов ва Мурод Зоировнинг шахси концлагерда чизилган сурати бўйича аниқланган. Қолганлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 1942 йилнинг баҳорида ватандошларимиз ССчилар томонидан отиб ўлдирилади. Жасади эса шаҳар яқинидаги ўрмонда кўмиб ташланган. Бу қабристон ҳозир ҳам бор. Ўзбек ўғлонларининг «Амерсфорт»даги аянчли тақдири, матонати ва жасоратини голландиялик журналист Ремко Рейдинг йигирма йил (!) мобайнида ўрганди. 2018 йилда у маҳбусларнинг қариндошларини топиш илинжида Ўзбекистонга келди. Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида бўлиб, тарихчи олимларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар билан учрашди.

Шунда жаноб Ремко ҳайратланарли бир воқеани айтиб берган, — давом этади суҳбатдошимиз. — Иккинчи жаҳон уруши пайтида нидерландлар фашистик мафкурани қўллаб-қувватламаган. Гитлерчилар бу халқнинг «эсини киргизиб қўйиш» мақсадида душман армиясини атайин заиф ва абгор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. «Амерсфорт» концлагерида осиёлик маҳбуслар (ташқи кўринишидан европаликларга ўхшамагани учун) алоҳида сақланган ва уларга ҳаддан зиёд бешафқат муносабатда бўлинган. Суд материалларида кўрсатилишича, концлагер нозирлари оч-наҳор, силласи қуриган асирлар олдига буханка нонни ташларди-да, бир-бирини худди ит каби қопишини томоша қилиб, лаззатланарди. Бир сафар нацистлар ўзбекларни ҳам шу кўйга солиб, жараённи тасвирга олишмоқчи бўлади. Лекин режа амалга ошмайди. Сабаби ватандошларимиз фавқулодда ўзини мутлақо бошқача тутиб, буханкани тенг бўлиб еган. Бу, табиийки, ССчиларнинг ғазабини келтиради. Натижада 1942 йилнинг 9 апрелида 77 нафар ўзбек (101 кишидан шунчаси омон қолганди) ўрмонда битта қолдирмай отиб ташланган.

Қаранг, орадан 70 йилдан зиёд вақт ўтди, — дейди Жонибек, — аммо шу чоққача ўзбек фарзандлари нафақат фронтда, балки тутқунликда ҳам чин инсонийлик намунасини кўрсатганини билмай юрган эканмиз. Амерсфортдаги 101 нафар ватандошимиз қабрини биз эмас, нидерланд халқи зиёрат қилиб, руҳини шод этиб келаётгани, очиғи, мени бироз уялтирди. Урушга кетиб, бедарак йўқолган юзлаб ота-боболаримиз бор. Улар ҳақида имкон қадар маълумот тўплаш, қолган ёшларни ҳам шунга даъват этиш мақсадида «101 ватандош изидан» лойиҳасига қўл урдим. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мазкур ташаббусга лаббай деб жавоб берганидан хурсандман. Ташкилот элчихоналар билан алоқа боғлаш ҳамда экспедиция маршрутини ишлаб чиқишга кўмаклашди. Очиғи, аввалига велосипедда йўлга чиқмоқчи эдим. Аммо вилоятимиз ҳокими сафар харажатларини тўлиқ қоплаб беришини айтгач, бунга зарурат ҳам қолмади. Нидерландияда бизга ўзбекистонлик тарихчи олим Баҳодир Узоқов ҳамроҳлик қилди. У киши ҳам Амерсфорт қабристонида дафн этилган ўзбек жангчиларининг иши бўйича баъзи архив ҳужжатлари билан таниш экан. Биргаликда Амстердам миллий архивида сақланаётган материалларни ўргандик. Концлагерга боридик, қабристонни зиёрат қилиб, у ердан бир сиқим тупроқни ўзимиз билан бирга олиб келдик. Илгарироқ Баҳодир ака ижтимоий тармоқларда «Амерсфорт»да отиб ўлдирилганлар орасида Навоий вилояти Нурота туманидан урушга кетган Саидқул Қаҳҳоров ҳам борлиги ҳақида ёзганди. Мен атайин Нуротага бориб, Саизқул Қаҳҳоровнинг укаси — Адизқул бобони излаб топдим. Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида вилоят делегацияси таркибида шу отахонни ҳам Нидерландияга олиб бормоқчимиз. Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида Амерсфорт қабристонида Ўзбекистон номидан хайрия оши берилади ва илк бор юртимиз байроғи кўтарилади.

Экспедиция аъзолари Германияга сафари чоғида Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ўлкасидаги Штукенброк шаҳрида жойлашган «Шталаг-326» ҳарбийлар қабристонида 360 нафар ўзбек аскари дафн этилганини ҳам аниқлади. ГФРдаги элчихонамиз кўмаги билан уларнинг тўлиқ рўйхати олинган.

Уч нафарининг ҳатто қабрини топишга муяссар бўлдик, — дейди Жонибек Шуҳратов. — Лекин бу дарёдан томчи, холос. Яна юзлаб ватандошларимизнинг ким бўлгани, қаерда туғилиб ўсганини аниқлаш зарур. Бу эса нафақат олиму мутахассислар, балки бутун ўзбек халқидан чинакам сафарбарликни талаб қилади. Германиядаги тарихий Рейхстаг, ҳозирги Бундестаг биноси менда унутилмас таассурот қолдирди. Уни очилмаган қўриқ дейиш мумкин. 1932 – 1947 йилларда Рейхтагда сайлов ўтказилмаган. Мажмуанинг архивида шу даврга оид ҳужжатлар алоҳида қутида сақланади. Биз архивни кўздан кечирдик. Уруш даврида парламентда фаолият кўрсатган айрим депутатларнинг исм-шарифи қора рангда кўрсатилгани эътиборимни тортди. Улар фашизмни қоралаб овоз берган экан. Борди-ю, ўша «қаршилар» сони кўпчиликни ташкил қилганида, Иккинчи жаҳон уруши бошланмаган бўларди, дейди тарихчилар...       

Варшавадаги Биродарлик қабристонида ҳам улкан тарих ётибди. Бу жой ўзбеклар учун бегона эмас. Мемориал мажмуада Собир Раҳимовга атаб алоҳида қабртош қўйилган. Полякларнинг ватандошимизга ҳурмат-эҳтироми баланд. Ахир, ўзбек генерали Гданьск шаҳрининг озод этилишида қаҳрамонлик кўрсатганди.

Юртимизда Зулфия Зокирова ва унинг урушдан қайтмаган беш ўғли ҳақида бадиий фильм суратга олинмоқда. Оиланинг тўнғич фарзанди — Муҳаммаджон Холматов Венцборк шаҳридаги биродарлик қабристонида кўмилган. Экспедиция аъзолари унинг қабрини топиб, зиёрат қилди. Сўнгра Польшадаги Освенцим концлагерига йўл олди. Шунингдек, юртдошларимиз Санкт-Петербург шаҳаридаги уруш йиллари билан боғлиқ бир қатор тарихий объектларни кўздан кечирди.  

Эндиликда экспедиция давомида тўпланган маълумотлар ҳукуматга тақдим этилади. Жонибек Шавкатов «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига 9 май арафасида махсус акция ўтказишни ҳам таклиф қилди. Унда асосан ёшларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Акция доирасида йигит-қизлар боболари фронтдан жўнатган хатларни «Оловда ёнмаган мактублар» хештеги билан ижтимоий тармоқларда эълон қилиб боради. Бундай ташаббус ёш авлод қалбида ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилса, ажаб эмас.

Наргиза Умарова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг