Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти – Шавкат Мирзиёев

Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти – Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиёти билан алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Бу эса ички бозорда рақобат муҳитини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини оширишни талаб этади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими? Маҳаллий маҳсулотларнинг таннархини пасайтирсак, хориждан ўзлари олиб кетишади, – деди Президент.

Бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш мумкин.

– Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади, – деди Президент.

Йиғилишда корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган «йўл харитаси» тасдиқлаш вазифаси белгиланди.

– Дунё тажрибасини ўрганиб, ўз йўлимизни топишимиз зарур. Монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналишимиз бўлиши керак, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан барча раҳбарларни рақобат асослари ва комплаенс бўйича ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

– Қачон рақобатга тайёр бўламиз? Соҳа ва тармоқларимиз тайёр бўлса. Соҳалар қачон тайёр бўлади? Мутахассислар бўлса. Энг заиф жойимиз: малакали мутахассислар етишмайди, технология йўқ, стандартлар йўқ. Шунинг учун бу соҳани деярли бошидан бошлашимиз керак, – деди Президент.

Рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим яратиш лозимлиги таъкидланди. Олий таълим тизимида рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича алоҳида факультет, кундузги ва сиртқи ўқиш шаклини очиш, янги фан жорий қилиш ва ушбу мақсадлар учун академик соатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида монопол корхоналарнинг раҳбарлари ва ҳокимлар учун рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиб, ўқув жараёнига ҳалқаро молия ташкилотларидан эксперт ва профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Рақобат соҳасига оид низоларнинг малакали кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Тошкент юридик университетида шу йўналиш бўйича судьялар малакаси ошириш, судьяларни ушбу йўналишда ихтисослаштириш ва алоҳида суд коллегиясини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Иқтисодиётда имтиёзлардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Масалан, имтиёздан фойдаланган 23 та ёғ-мой корхонасида янги иш ўринлари етарлича ташкил этилмаган.

Аксинча, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида рақобат муҳити яратилгани натижасида сўнгги 4 йилда парранда гўшти етиштириш 100 минг тоннадан 205 минг тоннагача, балиқ 65 минг тоннадан 122 минг тоннагача кўпайган.

– Паррандачилик ва балиқчилик уюшмалари монополиядан озод қилингани натижаси сезиляпти. Тадбиркорлар ўзини эмин-эркин ҳис қилиб, ҳаракат қиляпти. Нарх ва сифат жиҳатидан бозорга муносиб товар ва хизматлар чиқиши керак. Рақобат бўлса, аҳолининг танлаш имконияти ва сотиб олиш қобилияти ошади, одамлар рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг