Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз — Президент

Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев 28 сентябр куни транспорт соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди.

Таъкидланишича, авиация бозори эркинлашгани ҳисобига охирги уч йилда Ўзбекистонга парвозларни амалга ошираётган авиакомпаниялар сони 2 бараварга ўсган. Автомобилда халқаро юк ташишда маҳаллий корхоналарнинг улуши 62 фоизга етган. 300 километр темир йўл электрлаштирилган, 1 минг 500 километр автомобил йўли қурилган.

Лекин ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар, қилинадиган ишлар жуда кўп. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан соҳадаги ишлар натижадорлиги таҳлил қилинганда, бир қатор муаммолар аниқланган.

Масалан, охирги уч йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 16 фоиз ўсгани ҳолда, темир йўлда юк айланмаси атиги 7 фоиз ошган. Авиацияда рақобат муҳити тўла шаклланмаган, 10 та аэропортнинг самарадорлиги паст даражада. Оқибатда, рақобатдош нархларда етказиб бериш қулайлиги бўйича Халқаро логистика самарадорлиги индексида мамлакатимиз 160 та давлат ичида 120-ўринни эгаллаган.

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда ҳам бу соҳа бўйича кўплаб мурожаатлар бўлган.

Йиғилишда транспорт тизимидаги муаммоларни ҳал этиш ва аниқ натижаларга эришиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

«Бу соҳа — иқтисодиётнинг қон томири. Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда учта йўналиш — темир йўл транзити имкониятини кескин ошириш, авиацияни қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатадиган соҳага айлантириш, халқаро транзит юклари учун замонавий автомобиль йуллари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар белгиланди.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркибида транспорт соҳаси бўйича алоҳида гуруҳ тузиб, асосланган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Давлатимиз раҳбари энг асосийси халққа енгилликлар яратиш эканини алоҳида таъкидлади.

Темир йўл саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришда катта ўрин тутиши қайд этилиб, бу тизимнинг қувватини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, замонавий электр поездлар олиб келиш, вагонларни таъмирлаш, носоҳавий активларни чиқариш орқали тизимни молиявий соғломлаштириш зарур.

Авиация соҳасида ҳам қулайликларни кўпайтириш, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятлари аэропортларини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириб, хизматлар сифатини яхшилаш керак.

Президентимиз автомобиль йўлларининг сифати ва салоҳиятига алоҳида тўхталди. Маълумки, бу соҳада лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда назорат функциялари битта ташкилотда жамланган. Бунинг оқибатида кўп йўлларда сифат йўқ. Шу боис йўл қурилишида илғор стандартларни жорий этиш, лаборатор ишларни кучайтириш, пудратчилар масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган кўплаб вазифалари белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг