Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркор нархни оширгани учунгина жазоланмайди — Прокурор

Тадбиркор нархни оширгани учунгина жазоланмайди — Прокурор

Наманган вилоят, Тўрақўрғон туман Халқ депутатлари кенгашининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўтказилган сессиясида туман прокурори Элёр Талаббоев ҳисобот бериб ўтди. Прокурор ўз чиқиши давомида тадбиркорлар билан олиб борилаётган ишларга алоҳида урғу берди.

— Туманимизда нарх барқарорлигини сақлаш учун назорат механизмлари ишлаб чиқилган. Унга кўра тадбиркор билан яқиндан ишлаш, унга керак бўлган жабҳада кўмак кўрсатиш асосий тадбир сифатида кўрилмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлиги учун зарур бўлган маҳсулотларни бозорларда белгиланган нархда сотиш назорат остида турибди. Рўйхатдан ўтмаган, ноқонуний савдо олиб бораётган тадбиркорлар аниқланмоқда. Аммо уларни жазолаш мақсад қилинмаган. Сўнгги йилларда жазолаш механизми прокуратура учун асосий принцип бўлмай қолди. Биз асосан тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, уларни қонуний фаолият юритишига кўмак кўрсатишни мақсад қилганмиз. Иқтисодиётни соядан чиқариш учун иш олиб бормоқдамиз.

Бозорни назорат қилиш учун аввало ўзимиз бозорни тушунишимиз лозим. Шу мақсадда 6 октябрда ўзимиз қорамол сотиб олиб, сўйиб, бозорда сотиб, кичик синов-тадқиқот ўтказдик. Мол гўштини сотиш давомида 47 минг сўм таннарх белгиланди. Айнан шу масалани гўшт савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларга тушунтирямиз. Барча масала фақат тарғибот олиб бориш орқали ҳал қилинмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида захирага олувчи ва маҳсулотнинг чакана савдосини амалга оширувчи ўртасидаги муносабат муҳим. Агар деҳқон маҳсулотини ўртакашларсиз, истеъмолчига етказиб берса, нарх ҳам арзон бўлади. Лозим бўлган тақдирда юк машиналарида маҳсулотни сотиш ташкил этилмоқда. Шунингдек бозор маъмуриятининг масъулиятини ошириш орқали ҳам нарх-навони ушлаб туриш мумкин.

— Нарх сунъий ошишининг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Мисол тариқасида тушунтира оласизми?
— Бунинг учун доимий фаолият юритадиган ишчи гуруҳ тузилган. Назорат тадбирлари мунтазам равишда олиб бориляпти. Аммо бир нарсани тушуниб олишимиз лозим, нархни сунъий ошираётган ҳам аслида тадбиркор. Уни фақат нархни оширгани учун жазолай олмаймиз. Умуман, бунақа ниятимиз ҳам йўқ. Фақат тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб бориш орқали унга таъсир ўтказишимиз мумкин. Ҳозиргача шунчаки нархни оширгани учун бирор марта жазо чораси тайин қилинмади. Агар тадбиркор инсон соғлигига зарар етказадиган, савдога чиқариш учун рухсат берилмаган маҳсулот сотмаётган бўлса, фақат нархни оширгани учун жазоланмайди. Биз озиқ-овқат захирасини ошириш, «Даладан дастурхонга» тамойили остида истеъмолчига зарур маҳсулотни етказиб бериш ва тадбиркорлар билан тушунтириш ишлари олиб бориш орқали натижага эришмоқчимиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг