Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шофирконлик фермерлар кластерга тариқ сотишга мажбурланмоқда

Шофирконлик фермерлар кластерга тариқ сотишга мажбурланмоқда

Иллюстратив фото

Меҳнат қилиб етиштирган тариқни бошқа тадбиркорга сотишга мажбур бўлсанг, алам қиларкан одамга. Айниқса, бозор нархидан арзонга сотишга тўғри келса. Бозордан арзон «сўраса» сотмасин, дейишингиз мумкин. Аммо мажбур бўлса-чи?

Туман ҳокими бир кунда икки марта чақириб, «фалон ташкилот билан шартнома қиласан», деса фермер бечора нима қилсин. Шартнома қилсангиз, кўз тикиб ўтирганингиз шу: арзонга бергингиз келмайди. «Йўқ» десангиз, ҳокимиятга ишингиз тушиши бор. Боз устига, тариқ ўрими яқин. Комбайнлар бевосита туман ҳокимиятига бўйсинадиган МТП тасарруфида бўлса, ҳоким «фалон кластер билан шартнома қилмадинг, энди ўзингдан кўр», деса тамом-да. Тариқни қўл билан ўришга тўғри келади.

Шофирконлик фермерлар ана шундай аросатда қолишган.

Хулласи калом, кеча (21 сентябрь) куни Шофиркон туман «Бобур» МФЙи «участкавой»и қўнғироқ қилиб, туман ҳокимиятига боришим кераклигини айтди. Эмишки, туман ҳокимининг мажлисларига қатнашмаётганим учун ҳокимнинг шахсан ўзи мен билан «тарбиявий соат» ўтармиш. Участка нозирига Тошкентда эканим боис, машваратда укам қатнашишини айтдим. Йиғилишда туман ҳокими Шукрулло Ҳакимов «Салим бобо гарден» фермер хўжалигини олиб-бориб, олиб келибди. Нақд 2 «статя» билан айблабди.

«1-статя»

«Салим бобо Гарден» фермер хўжалиги вакиллари туман ҳокимининг йиғилишларига қатнашишдан қасддан бўйин товлармиш.

Очиғини айтсам, бу айбловда қисман жон бор. Ҳақиқатдан ҳам ҳокимнинг йиғилишларида «фаол» эмасман. Чунки бундай йиғилишларда қатнашиб барака топганим йўқ. Йиғилишда қатнашган бошқа фермерларнинг ҳам бирорта муаммоси ҳал бўлганини эшитмадим. Чунки бундай йиғилишларда фермернинг бурч ва мажбуриятлари тушунтирилади, холос. «Топшириқни бажармасанг, ерингни оламан», «Печатингни ҳокимиятга келтириб топшир», деган дағ-дағаларни-ку айтмай қўя қолай.

Йиғилишларда фаол эмаслигим эпидемиологик вазиятнинг талаби билан ҳам боғлиқ. Иложи борича уйдан чиқмаслик, машварат-у, мажлисларда, оммавий тадбирларда қатнашмаслик ҳар бир фуқаронинг ижтимоий масъулиятига айланган.  Бундай қалтис вазиятда ҳоким «Менинг мажлисларимга келмаяпсан», деб бировга дакки беришининг ўзиёқ қип-қизил мантиқсизлик.  Унутганларга эслатиб қўймоқчимиз. Ҳали ҳам 30 кишидан ортиқ одамни бир жойга йиғиш, турли хил тадбирларни ўтказиш мумкин эмас (вирус «бу ҳокимнинг мажлиси экан» деб, андиша қилармиди?). Қоидани бузганлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш)да белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Аммо бу қоида Шофиркон туман ҳокимига ҳам тааллуқлими, йўқми билолмай доғдаман-да. Ахир у киши ҳоким бўлсалар. Айтадиган фикримиз ҳукуматнинг қарорлари ҳокимнинг ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган йиғилишларидан ўн карра устун. Яна айтиб қўймоқчимизки, эпидемиологик вазият юмшамагунича, имкони борича мажлис-у машваратлардан тийиламиз.

«2-статя»

Дарвоқе, 21 сентябрь куни бўлган йиғилишда «Салим бобо гарден» фермер хўжалигига тариқ сотиш бўйича шартномани имзолашдан қасддан бўйин товлаш «айби» ҳам қўйилган. «Агар имзоламасанг ундай бўлади, бундай бўлади», деган «шаблон гаплар» айтилибди. Туман ҳокими Шукрулло Ҳакимов қаттиқроқ гапирган шекилли андай-мундай гапни «гап» демайдиган укам ҳам йиғлагудек бўлиб гапирди.

Дағдаға ва босимлардан кейин ҳам фикримиз ўзгармади: «Салим бобо гарден» фермер хўжалиги тариқ сотиш бўйича кластер билан шартнома имзоламайди.

Сабабини қуйида изоҳлашга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан, Президентимизнинг тегишли қарорлари билан пахта ва ғаллага давлат буюртмаси бекор қилинганидан туман ҳокимининг ҳам хабари бўлиши табиий. Шундай пайтда «тариқ сотиш шартнома»сини «ўйлаб топиш» Президент сиёсатига ХИЁНАТдир.

Иккинчидан, шофирконлик фермерлар қайси кластерга тариқ сотиши керак ўзи? «Ўроқда йўқ, мошоқда йўқ, ҳосилга тайёр» бўлиб турган кластернинг номи нима? Ўша кластер фермерларга бир килограмм тариқ учун қанчадан пул тўлайди? Ш.Ҳакимов йиғилишда бу ҳақида лом-лим демагани жуда ғалати-да. Демак, Шофирконда фермерларнинг пешона тери билан етиштирган маҳсулотлари олди-сотдиси ҳали ҳам ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинмоқда. 

Учинчидан, туман ҳокимлигининг фермерларни шартнома имзолашга мажбурлаётгани менга жуда шубҳали туюляпти. Рост-да, ҳокимга фермерларни қайсидир кластер билан шартнома қилдиришдан нима наф?

Тўртинчидан, «Салим бобо гарден» ўтган йил давлатга салкам 12 тонна ғалла топширди. Орадан 4 ойга яқин вақт ўтибди ҳамки, сув текинга сотган ғалламизнинг пулини ололганимиз йўқ. Энди қайсидир кластерга тариқ сотиб, пулини 4 йил кутамизми?

Очиғи, бундай «ўйин»лардан безидик.

Айтсак, айтадиган дардимиз кўп. Аммо Шофирконда бизни эшитадиган идора йўқ. Мақсадимиз бундай ғалати ва тушуниб бўлмас «ўйин»ларга кимдир муносабат билдирсин! Пешона теримиз билан етиштирган маҳсулотимизни сув текинга бериб, қўлимизни бурнимизга тиқиб ўтираверайликми  ёки ҳаққимизни талаб қилайликми?

Ҳасан Саломов,
«Салим бобо гарден» фермер хўжалиги раҳбари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг