Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши ўтказди

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва экспортини ошириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Ўзбекистон мева-сабзавот ишлаб чиқаришда улкан имкониятларга эга. Аҳоли фаровонлигини доимо ошириб боришда халқимиз турмуш тарзига энг яқин ва тез натижа берадиган йўналиш қишлоқ хўжалигида юқори даромадли интенсив ишлаб чиқаришни ташкил этишдир.

Мавжуд салоҳиятимизни тўлиқ ишга солишимиз, унга яраша катта даромад олишимиз зарурлигини инобатга олган ҳолда сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳа юқори шиддат билан ислоҳ қилинмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона хўжаликларида бошқарув тизимини яхшилаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигида кооперацияни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, озиқ-овқат саноатини жадал суръатларда ривожлантириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шунга қарамасдан, жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард долларни ташкил этган бир пайтда, бизнинг улушимиз бир фоизга ҳам етмаяпти.

Бугунги йиғилишда қайд этилганидек, келгуси йилда мева-сабзавот экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш, кейинги уч йилда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжуд.

Давлатимиз раҳбари таъкидлашича, бунга эришиш учун экин ва навларни тўғри танлаш, ҳосилдорлик ва даромадни камида икки-уч баробарга ошириш, исрофгарчиликларни олдини олиш, маҳсулотларни сақлаш, логистика масалалари, экспортни тўғри ташкил этиш лозим.

Бугунги кунда дунё бозорларида гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом, цитрус мевалар каби маҳсулотларга талаб юқори ва ушбу маҳсулотлар экспорт тушумининг асосий қисмини ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда бундай мевазорлар, айниқса интенсив усулдаги боғлар етарлича ташкил этилмаётгани, боғ ва токзорлар яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабабли уларнинг иқтисодий самарадорлиги ўта паст даражада қолаётгани, қатор туманларда минглаб гектар эски боғлар йиллар давомида ҳосил бермаётгани танқид қилинди. Ҳанузгача “маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ва қайта ишлаш – экспорт” занжирини ташкил этадиган кооперация тизими жорий қилинмаган.

Яна бир салбий ҳолат узумчиликни ривожлантиришда виночилик корхоналарининг ўрни сезилмаётгани билан боғлиқ.

– Бу каби муаммолар таъсирида мамлакатимизда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишлар ҳажми 30 фоиздан камаймаяпти, – деди Президент. – Яъни, олинган мева нобуд бўлиб, тупроққа қорилмоқда. Бундай шароитда қандай янги боғ ва токзорлар ҳақида гапириш мумкин?

Қайд этилганидек, бир қатор туманлар пахта етиштиришни қисқартириб, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилди. Афсуски, ушбу йўналишда ҳам ишлар қониқарли даражада бўлганича йўқ.

Селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис мамлакатимиз уруғликни импорт қилишга мажбур бўлмоқда.

– Минерал ўғитлар таъминоти, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ишлари тизимли ташкил этилмагани ҳам деҳқоннинг ортиқча овора бўлишига олиб келиб, ҳосилдорликни оширишга салбий таъсир қилмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бир сўз билан айтганда, соҳада ечимини топиши лозим бўлган масалалар талайгина. Шунинг учун эскирган тизимдан бутунлай воз кечиб, мутлақо янги узлуксиз занжирни яъни, кооперация ва кластер тизимини ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Бундай йўл жаҳон тажрибасида ўзининг самарадорлигини исботлади, кластернинг жорий этилиши соҳада юқори натижаларга олиб келаётганини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан Президентимиз Ўзбекистонда бир нечта йирик экспортёр кластер ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва даромадни ошириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни аниқ бозор, аниқ молиявий манба билан ишлайдиган тадбиркорга бириктириш зарурлигини таъкидлади.

Хорижий мутахассислар кўмагида ташкил этилган Сурхондарё тажрибаси асосида 55 та туманни экспортбоп муайян маҳсулотлар турини етиштиришга ихтисослаштириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, ҳар бир вилоят ва туман ҳокими кластерлар билан мева-сабзавотни тўғри жойлаштиришга, агротехник тадбирларнинг ўтказилишига, етиштирилган маҳсулотни экспортёр ёки қайта ишловчига тўлиқ етказилишига шахсан жавобгарлиги белгиланди.

Молия вазирлигига янги тизим асосида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантириш бўйича молиялаштириш юзасидан таклиф киритиш топширилди.

Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида янги ташкил қилинаётган кооперациялар негизида 1 гектардан 5 гектаргача ижара асосида ер ажратиб берилади. Янги боғ ва токзорларни барпо этишга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 1 триллион сўм йўналтирилади.

Кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида Фарғона водийсининг 22 та туманида 31 та намунавий кооперация ташкил қилинади. Ҳар бир кооперацияга камида 50 нафардан ишсиз фуқаро аъзоликка қабул қилиниб, уларга фойдаланилмаётган ерлар, субсидиялар ҳамда имтиёзли кредитлар ажратилади.

Халқаро ҳамда маҳаллий молия ташкилотларидан маблағлар жалб этиш орқали гилос, ўрик, анор, шафтоли, олхўри, ёнғоқ каби меваларга ихтисослашган янги замонавий боғ ташкил қилиш ҳисобига ҳосилдорликни кескин ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, экспортбоп узумзорларни ташкил этиш юзасидан “манзилли дастур” тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Озиқ-овқат ва спиртли ичимликлар саноатида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш, маркетинг ва инновацияни кенг қўллаган ҳолда экспортбоп маҳсулотлар ассортиментини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, янги бозорларни топишга қаратилган янгича тизим ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз боғдорчилик ривожи учун аввало кўчат зарурлиги, шунинг учун ҳар йили 20 миллион дона кўчат етиштиришни йўлга қўйиш ва экспорт қилиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига манфаатдор ташкилотлар билан бирга келгуси йили ўрик, гилос, шафтоли, хўраки ва саноатбоп узум, анор, ёнғоқ, бодом кўчатлари етиштириш плантанциялари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ҳудудий участкаларида “ин-витро” лабораториялари ташкил этиш бўйича ҳам кўрсатма берилди.

Интенсив кўчатлар ва пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини фермерларга субсидия сифатида қоплаб бериш, 2020 йил 1 апрелдан  бошлаб “соғломлик” сертификатига эга бўлмаган кўчатларни юртимизга олиб келиб, экишни тўхтатиш зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган талабини қоплаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун мева-сабзавот етиштиришни йилига 8-10 фоизга кўпайтириш ва қўшимча 1 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш зарур. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,  вилоят ва туманлар ҳокимларига 2020 йилда қайта фойдаланишга киритиладиган 77 минг гектар майдонга озиқ-овқат экинлари, эртаги маҳсулот етиштириш учун 200 минг гектарда тўқсонбости усулида сабзавотлар экилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Ўсимликларга кимёвий ишлов бериш ва зараркунандаларга қарши курашиш ҳам муҳим масалалардан. Президент Шавкат Мирзиёев бунинг учун ихтисослашган туманларда минерал ўғитлар дўконларини ташкил этиш, фермерлар ва аҳоли томорқаларига шу борада хизмат кўрсатиш тизимини яратиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда айтилган чора-тадбирлар ижросини самарали ташкил этиш учун ҳар бир йўналишга мутасадди раҳбарлар масъул этиб белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг