Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев «Tashkent City»даги 21 қаватли «Hilton» меҳмонхонасини бориб кўрди (фото)

Шавкат Мирзиёев «Tashkent City»даги 21 қаватли «Hilton» меҳмонхонасини бориб кўрди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни «Tashkent City» қурилиш майдонига ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур халқаро бизнес маркази саккизта лотга ажратилган ҳолда барпо этилмоқда. Шу пайтгача 7 миллион куб метр тупроқ ишлари бажарилиб, элликдан зиёд бинога мустаҳкам пойдевор яратилди. Бугунги кунда бетон каркаслар ва деворлар қуриш, муҳандислик тармоқлари тортиш ишлари олиб борилмоқда. 

Конгресс-холл ва «Hilton» меҳмонхонаси қурилаётган 5-лот энг илғор майдонлардан бири. Ушбу биноларда темир-бетон, металл конструкция ва том ёпиш ишлари якунланган бўлиб, қурилиш ҳажмининг саксон фоиздан зиёди битган. Ҳозирда электр тармоқларини монтаж қилиш, ички пардозлаш ва механика ишлари бажарилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарига аввалги ташриф чоғидаги кўрсатмаларнинг ижроси ҳақида маълумот берилди. Жумладан, улкан конгресс-холлда барча форматдаги халқаро тадбирлар ташкил этиш учун замонавий шароитлар яратилмоқда. Бу ерда саммитлар, улар доирасида икки томонлама учрашув ва музокараларни юқори даражада ўтказиш мумкин бўлади. Катта делегациялар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хизмат кўрсатувчилар учун зарур қулайликлар яратилади. 

Президент конгресс-холлга туташ қурилган 21 қаватли, беш юлдузли «Hilton» меҳмонхонасини ҳам кириб кўрди. Шу ерда маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари конгресс-холл ва меҳмонхонада юқори даражада хизмат  кўрсатишни йўлга қўйиб, мунтазам даромад топишни таъминлаш, ҳудудда барпо этиладиган истироҳат боғида юртдошларимиз ва туристлар учун кенг шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг