Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Қачон аҳоли энергия билан тўлиқ таъминланади? Яшил энергия: яқин келажакдаги лойиҳалар

Йилдан йилга Ўзбекистонда аҳоли сони ошиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан энергия манбаларига бўлган эҳтиёжни оширади. Яқин йиллар давомида Ўзбекистон муқобил энергия манбаларини яратиш учун катта маблағ ва инвестиция жалб қилиб келмоқда. Хўш, бугунги кунгача Ўзбекистонда нечта муқобил энергия станциялари ишга туширилган? Уларнинг қуввати қанча? Ўзбекистонни электр энергия билан таъминлаш учун қанча станция қуришимиз керак? Шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб олиш мақсадида Энергетика вазирлигининг Қайта тикланувчи энергия манбалари бошқармаси бошлиғи Умидбек Нарзуллаев билан суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нечта шамол ва қуёш станциялари қурилмоқда? 2023 йилда нечта қуёш ва шамол станцияси ишга тушади?

– Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 2 та йирик қуёш фотоэлектр станцияcи ишга туширилган. Ушбу станциялар халқаро тажрибага эга компаниялар томонидан қурилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилган. Биринчи станциямиз – Бирлашган Араб Амирлигининг «Masdar» компанияси томонидан Навоий вилоятининг Кармана туманида барпо этилган. Ушбу станция 2021 йилнинг август ойида ишга туширилиб, ягона тармоққа электр энергия етказиб беришни бошлаган. Ўша йилнинг декабрь ойида станция тўлиқ ишга тушган. Унинг тўлиқ қуввати 100 МВт. Станция тахминан йилига 260 миллион киловатт электр энергия ишлаб чиқаради. Яъни, станция кундуз куни  80 мингта хонадонни электр энергия билан таъминлаб бера олади.

Иккинчи станциямиз – Франциянинг «TOTAL Eren» компанияси томонидан қурилган. Ушбу қуёш фотоэлектр станциямиз 2022 йилнинг май ойида ишга тушиб, ягона тармоққа электр энергия етказиб беришни бошлаган. Станция қуввати 100 МВт бўлиб, йилига 60 минг киловатт электр энергия ишлаб чиқаради. Ҳар бир станциямизда 300 мингтадан қуёш панели ўрнатилган.

Ўзбекистонда қуёш электр станциясини қурган самаралими ёки шамол электр станцияси?

– Жуда яхши савол. Агар халқаро молия институтлари томонидан жалб қилинган мутахассислар таҳлилидан келиб чиқсак, Ўзбекистонда ҳам қуёш станцияси, ҳам шамол электр станцияси яхши самара берар экан. Шамол электр станцияларини асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Бухоро вилоятларида қуриш анча самарали. Яъни бу вилоятларда шамол салоҳияти юқори. Қуёш электр станциясини эса деярли барча вилоятларда қуриш мумкин. Чунки Ўзбекистон ҳудудида қуёш радиацияси анча яхши. Техник салоҳият жиҳатдан Ўзбекистонда қуввати 5 минг киловаттлик қуёш станцияси, 190 гигаваттлик шамол электр станциясини қуриш мумкин.

– Қиш фаслида ҳам қуёш электр станциялари ишлай оладими?

– Албатта, шу йилнинг январь ойида қуёш электр станциялар 90 фоизгача ишлади. Яъни, 100 МВтли қуёш электр станция 90 МВт қувватни тармоққа узатган. Қуёш станцияларимиздаги панеллар икки томонга ўрнатилган. Қиш фаслида қуёш станцияси 90 фоиз қувват билан ишлашини кўриб, ўзимиз ҳам ҳайрон қолдик.

– 2023 йилда нечта қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилиши режалаштирилган?

– Жорий йилнинг декабрь ойига қадар 3 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 1 та шамол электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган. Шамол электр станциямиз Навоий вилояти Томди туманида жойлашган. Станциянинг умумий қуввати 500 МВт бўлиб, декабрь ойидан тармоққа электр узатишни бошлайди. Учта қуёш станциямиз – Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган. Уларнинг умумий қуввати 900 МВтни ташкил этади. Ушбу 4 та станция «Маздар» компанияси томонидан қурилмоқда.

– Мана шу станциялар қанча аҳолини электр энергия билан таъминлайди?

–   Шамол станциямиз тўлиқ ишга тушса, бир йилда 500 мингта аҳолини электр энергия билан таъминлаб бера олади.

– Узлуксиз таъминлайдими?

– Узлуксиз дея олмайман. Чунки шамол ўзгарувчан. Шуни инобатга олиб биз батареяларни жорий қилмоқчимиз.

– Шунда станциялар ишга тушса, қишлоқларда чироқ ўчмайдими?

– Станцияларнинг умумий қуввати аниқ бир ҳисобга етганидан кейин қишлоқларда электр энергия танқислиги бўлмайди деб айтсак бўлади. Лекин шу станциялар ишга тушган сўнг танқислик камайиб боради.

– Ўзбекистон аҳолисини тўлиқ электр энергия билан таъминлаш учун қанча шамол ва қуёш станцияси қуриш керак?

– Бизни ўз режамиз бор. 2026 йилгача биз шамол электр станцияларининг умумий қувватини 8 гегаваттга оширишимиз керак. 2030 йилга келиб бу кўрсаткични 15 гегаваттга етказишимиз лозим. Қуёш ва шамол электр станциялари орқали аҳолини фақатгина кундуз куни электр энергия билан таъминлай оламиз. Лекин кечки пайт бор, об-ҳавонинг ўзгарувчанлиги бор. Иссиқлик электр станцияларини ҳисобга олмасак, тахминан 40 гегаватт қуёш ва шамол электр станцияси керак бўлади. Шунда биз фақатгина кундуз куни аҳолини электр билан таъминлай оламиз. Тўлиқ таъминлаш учун аккумулятор тизимини жорий қилиш керак.

– Жорий йилнинг 23 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов Энергетика вазирлиги: Ахмедходжаев ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ раҳбари Исақуловга икки ҳафта ичида Хитойга бориб, 2,0 гигаватт қуёш фото электр станцияларини қуриш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан музокараларни якунлаш ҳамда 15 февралга қадар тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширди. Бу масала нима бўлди?

– Ҳозирда халқаро тажрибага эга бўлган Хитой компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда. Энг арзон тариф таклиф этган компания билан лойиҳа амалга оширилади. Бош вазиримиз берган топшириқни амалга ошириш бўйича ишлар кетмоқда.

– Ҳозир қуёш панелларидан олинган ортиқча электр энергиясини қандай сотса бўлади?

– 2022 йилда президентимиз томонидан тегишли фармон қабул қилинган. Ушбу фармонда сиз айтган масаланинг ишлаш механизми тушунтириб берилган. Мисол учун, мен уйимга қуёш панелини ўрнатмоқчи бўлсам, онлайн тарзда энергетика вазирлиги ҳузуридаги «энергия тежаш» жамғармаси томонидан яратилган сайтга кириб, ўзимга маъқул бўлган компанияни танлайман. Компания уйга келиб, сиз қанча электр энергия истеъмол қилишингизни ҳисоблаб, нархни чиқариб беради. Маъқул келса компания билан шартнома тузасиз. Компания қуёш панелларини ўзи ўрнатиб, ишга тушириб кетади. Маҳаллий компаниялар билан шартнома қилсангиз, сиз давлатдан субсидия оласиз. Яъни, қуёш панелининг 30 фоизи нархи давлат томонидан қоплаб берилади.

Қуёш панелларини сотиб олиб, уйингизга ўрнатганингиздан кейин ҳудуд электр тармоқлари билан шартнома тузасиз. Агар сиз ягона тармоқдан электр энергияни 295 сўмдан сотиб олсангиз, ягона тармоқ сиздан яшил энергияни 360 сўмдан сотиб олади. Тўғри, ҳозирда қуёш панелларининг нархи Ўзбекистон шароитида бироз қимматроқ. Лекин яқин ярим йил ичида анча оммалашади. Чунки давлат ташкилотлари томонидан, аҳоли томонидан қуёш панелларига бўлган қизиқиш ошиб бормоқда.

– Қуёш панелининг ўртача нархи қанча?

– 1 КВт электр энергиясини ишлаб чиқарувчи қуёш панели 11 миллион сўм. Бунда компания қуёш панелини ўрнатиб, ишга тушириб кетади.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг