Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент қарорлари ижроси нега таъминланмасдан қолмоқда?

Президент қарорлари ижроси нега таъминланмасдан қолмоқда?

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги бир неча йиллар давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини ва тартибга солиш жараёнларини такомиллаштиришга, қулай бизнес муҳитини ва халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди. Охирги 5 йил давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146 ўриндан 72 ўринга кўтарилди.

«Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида мамлакатнинг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чоралар кўриш, шунингдек 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги «Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг «бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4160 сонли қарори қабул қилинган ва қарорда соҳаларга оид қатор ислоҳотларни амалга ошириш назарда тутилган.

Бироқ, амалиётда қурилишга рухсатномалар олишда, мулкни рўйхатдан ўтказишда ва ташқи савдо операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар сабабли Ўзбекистон ҳанузгача «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида ўзининг муносиб ўрнини эгалламасдан қолмоқда.

Хусусан, «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботининг 2019 йилги кўрсаткичларида мулкни рўйхатдан ўтказиш (74-ўриндан 72-ўринга) ва қурилишга рухсат бериш (134-ўриндан 132-ўринга) индикаторлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг рейтинги энг паст даражада ўзгарган индикаторлар бўлиб қоляпти. Ваҳоланки, мулкни рўйхатдан ўтказиш ва архитектура-қурилиш соҳасига оид қатор бюрократик амалиётларни бартараф этиш ва давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган эди.

Бундан ташқари, ер участкаларини ажратиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда бюрократик тўсиқлар ва сансалорликларни баратараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4427-сонли қарори қабул қилинган ва қарорда ер ажратиш, архитектура ва қурилиш ҳамда кўчмас-мулк объектларини рўйхатдан ўтказишга оид қатор ислоҳотларни амалга ошириш назарда тутилган.

Шунга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб:

  • қурилиш объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини мажбурий экспертиза қилиш талаби бекор қилинди (марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно);
  • Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг бўлинмалари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини келишиш ҳамда объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳавий ечимларини экспертиза қилиш бир вақтда амалга оширилиши;
  • лойиҳа ташкилотлари томонидан (муҳандислик-коммуникация тармоқлари ташкилотларидан ташқари) ишлаб чиқилган муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш қурилиш органлари томонидан бино, иншоот ва бошқа объектларнинг қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш жараёни билан бир вақтда амалга оширилиши белгиланди.

Юқорида кўрсатилган чора-тадбирлар, республикада қурилиш-архитектура соҳасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиши ва қулай инвестицион муҳит яратилишига катта кўмак бўлади.

Бироқ, бугунги кунга қадар юқорида қайд этилган Президент қарорлари ижроси таъминланмасдан қолмоқда. 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб Кўчмас мулк объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш тўғрисида хабарнома юборилиши ҳамда оммавфи офертага фойдаланувчи томонидан акцепт қўйилиши кифоя бўлсада, ваколатли давлат органлари – Қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекциялари амалиётда «рухсатнома»ни номигагина «хабарнома»га ўзгартирилган ҳамда бугунги кунга қадар қурилиш-монтаж ишлари бошланганлиги тўғрисида хабарнома юборган тадбиркорлик субъектларига оммавий оферта бериш қонун ҳужжатларига зид равишда рад қилиб келмоқдалар.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ (367-модда) бир ёки бир неча муайян шахсга юборилган, етарли даражада аниқ бўлган ва таклифни киритган шахснинг ўзини таклиф йўлланган ва уни қабул қиладиган шахс билан шартнома тузган деб ҳисоблаш ниятини ифода этадиган таклиф оферта ҳисобланади. Шунингдек, номуайян шахслар доирасига йўлланган реклама ва бошқа таклифлар, агар таклифда бошқача ҳол тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлмаса, офертага таклиф этиш деб қаралади, шартноманинг барча асосий шартларини ўз ичига олган, таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган таклиф оферта (оммавий оферта) ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4427-сонли қарорида кўрсатилган вазифалар ижроси ҳам қурилиш ва кадастр органлари томонидан таъминланмасдан қолмоқда. Натижада эса тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича мурожаат этган ҳолларда асоссиз рад этиш ҳолатлари учрамоқда.

Шу ўринда бир неча саволлар туғилади. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда Қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекциялари бу каби ислоҳотларни қабул қилишга ва Президент қарорларида ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга тайёрми? Нега бугунги кунга қадар юқорида кўрсатилган қарорлардаги чора-тадбирлар амалиётга тадбиқ этилмасдан қоляпти? Қарорларнинг ижроси таъминланмаслигидан ким манфаатдор ва қандай манфаат бор?

С.Назаров,
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси Бош маслаҳатчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг