Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Ўзбекистон иқтисоди учун зарур бўлган темир йўл қурилиши ҳақида маълумот берди

Президент Ўзбекистон иқтисоди учун зарур бўлган темир йўл қурилиши ҳақида маълумот берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Самарқанд вилоят фаоллар йиғилишида иштирок этмоқда. Давлат раҳбари мажлис давомида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун амалга оширилаётган ишлар, хусусан, «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли қурилиши борасида маълумот бериб ўтди.

— Ҳар қандай иқтисод учун темир йўлнинг ўрни жуда катта. Агар шу вақтгача Хитой ёки бошқа Осиё давлатларига олиб чиқадиган темир йўл қурганимизда эди, қўшимча бозорлар пайдо бўларди, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз таннархи 60-70 фоизга камайган бўларди.

Биз шу вақтгача фақат Россия ва Қозоғистонга экспорт қилиб келмоқдамиз. Маҳсулотимизни чиқариш учун бизда бошқа йўл йўқ. Шундай бўлгач, йўл ҳақи ҳам шунга яраша катта бўлади. Истаган вақтларида маҳсулотларимизни рад этишлари мумкин. Агар бизда бошқа муқобил танлов бўлганида эди, Ўзбекистоннинг маҳсулотларига муносабат ҳам бошқача бўлар эди. Рақобат ошарди.

Шу мақсадни амалга ошириш учун Афғонистон орқали темир йўл қуряпмиз. У битиб, ишга тушса, Афғонистон ва Покистон орқали денгиз портларига чиқиш имконияти пайдо бўлади. Лойиҳани амалга ошириш осон бўлмаяпти, бунинг учун хориждаги ҳамкорларимиз билан музокаралар олиб боряпмиз.

Покистон бош вазири Имрон Хон дўстимиз билан яқин алоқада бўлиб турибмиз. Афғонистон орқали темир йўл қурамиз, аммо унинг хавфсизлигини ким таъминлаб бера олади? Фақат Покистон. Шу сабабли Имрон Хон билан бамаслаҳат иш олиб бормоқдамиз. Бу йўл қурилишидан биз қатори Афғонистон ҳам, Покистон ҳам бирдек манфаатдор.

Биз учун шу темир йўлнинг қуришдан бошқа танлов йўқ. Акс ҳолда ўша 70 йил қарам бўлган йўлимиз қолади холос. Шу сабабли катта ишларни амалга оширяпмиз. Мана шундай улуғ айём кунларида Ашраф Ғани ва Имрон Хон дўстларимиз билан мулоқотда бўлиб, музокара олиб боряпмиз.

Шунингдек Россия раҳбари билан бу бўйича гаплашиб олдик. Улар ҳам темир йўл қурилишига бош қўшмоқчи. Бошқа қўшни давлатлардан ҳам қизиқиш бор.

Темир йўл қурилиши бошланса, барча билан баҳамжиҳат, биргаликда иш олиб борамиз, — деди давлат раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг