Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент фармони билан тадбиркорларга катта имкониятлар берилмоқда

Президент фармони билан тадбиркорларга катта имкониятлар берилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йил 21 декабр куни «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Мазкур Фармон билан экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги қўшимча чораларини жорий этиш назарда тутилмоқда:

  • Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспортолди молиялаштириш учун ажратиладиган ресурслардан берилган кредитларни ўз вақтида сўндириб келаётган тадбиркорлик субъектларига амалдаги кредитнинг сўндирилган қисмига мутаносиб равишда қўшимча кредитлар ажратиш имконияти яратилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан берилган кредитни тўлиқ сўндирмаган экспорт қилувчига молиявий ресурслар ажратилмаслиги белгиланган.

2022 йилда Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспортолди молиялаштириш учун республика миқёсида 234 та экспортчи корхонага 147 млн доллар миқдорида кредитлар ажратилган бўлиб, улар томонидан 444 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.

  • 2024 йил 1 январга қадар Европа, Туркия, Миср ва Марокашга газлама ва трикотаж мато маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг 70 фоизгача миқдорида компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш белгиланмоқда.

2022 йил январ-ноябр ойларида 133 млн долларлик, шундан Европа давлатларига 20 млн доллар, Туркияга 3 млн долларлик газлама экспорт қилинган.

Шунингдек, 2022 йил январ–ноябр ойлар мобайнида Ўзбекистондан жами 46 минг тонна (260 млн доллар) трикотаж мато экспорт қилинган бўлиб, шундан Европа давлатларига 4,7 минг тонна (30 млн доллар)си тўғри келади.

Ушбу давлатлар бозорларининг 5 фоизини эгаллаш учун зарур чоралар кўрилган тақдирда, маҳаллий корхоналар томонидан 900 млн долларлик газлама ва матоларни экспорт қилиш имкониятлари яратилади.

  • пахта, кунгабоқар, маккажўхори ва соя ёғидан ташқари, барча ўсимлик ёғларини экспорт қилишга рухсат берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 145-сон Фармонига асосан ўсимлик ёғи экспорти вақтинчалик тақиқланган.

Ховос тyманида «RS SUCCESS AGRO» МЧЖ ҚК томонидан 182 млн евро инвестиция киритиш орқали 1,6 минг гектар қайта фойдаланишга топширилди, 1,3 минг гектарда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди ҳамда 120 минг тонна каннабис хом ашёсини қайта ишловчи мажмуа барпо этилди. Инвестиция шартномасига мувофиқ, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 50 фоизи экспорт қилиниши лозим.

Ушбу турдаги ўсимлик ёғлари республикада ноанъанавий ёғ маҳсулоти ҳисобланиши, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турига кирмаслигини ҳамда ушбу маҳсулотнинг экспорт қилиниши ички бозордаги ёғ маҳсулотлари нархига таъсир қилмаслигини инобатга олган ҳолда пахта, кунгабоқар, маккажўхори ва соя ёғидан ташқари, барча ўсимлик ёғлари экспортига рухсат берилмоқда.

Мазкур фармоннинг имзоланиши экспортчиларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга қўшимча кредитлар ажратиш орқали янги имкониятлар яратилишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг