Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пахтани қўл меҳнатисиз етиштириш мумкинми? Етмиш центнер ҳосил олишчи?

Пахтани қўл меҳнатисиз етиштириш мумкинми? Етмиш центнер ҳосил олишчи?

Фото: Шерзод Икрамутдинов

Ўзбекистонда кластер тизимида ишлашга ўтилганига кўп бўлмади. Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги «Khantex Group» МЧЖ уч йил муқаддам биринчилардан бўлиб ташкил этилган эди. Ҳозирда бу кластерда 10,4 минг тонна пахта қайта ишланиб, 9,4 минг тонна ип-калава, 2,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқарилмоқда. «Миллий банк» томонидан Андижон вилоятига ташкил этилган пресс-тур доирасида ОАВ ходимлари ушбу корхонада бўлди.

«Миллий банк» билан ҳамкорлик қилаётган «Khantex Group» иш бошлаш учун ўзининг 20,7 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоясини тикди ва банкдан 37,0 миллион АҚШ доллар кредит олди. Айни вақтда кластер 6 минг гектар ерда пахта ва ғалла етиштириб келмоқда. Энг муҳими, «Khantex Group» фаолияти барча дала ишларини техника ёрдамида амалга оширишга қаратилган.

— Биз ўзимиз тайёрлаган хом-ашёни тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот қилиб чиқаришга мўлжалланган кластермиз. Шунга монанд қишлоқ хўжалигидаги илғор технологияларни йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди «Khantex Group» таъсисчиси Зокиржон Набижонов. — Бунинг учун турли мамлакатлар тажрибасини ўрганяпмиз. Водий дехқончилигида бир ёмон жиҳат бор, пахта эртароқ етиштириш учун плёнка остига экилади. Кузда уни йиғиштириб олиш ортиқча даҳмаза ва кўпинча ерда қолиб ҳам кетади. Оқибатда ер бузилади. Биз мана шу анъанадан воз кечдик, аммо тўғри агротехник тадбирлар туфайли пахтадан кўпроқ ҳосил олди — гектаридан 40 центнердан.

Аммо шу билан бирга плёнка остига экишдан ҳам воз кечмоқчи эмасмиз. Ирландияда экологик тоза плёнка кашф этилган, у икки ойда чириб, ўғитга айланиб кетади. Насиб қилса икки йилда уларнинг тажрибасини жорий этмоқчимиз. Ҳозирча бунга имконимиз етмайди, чунки қиммат. Бундай плёнка учун гектарига 2 миллион сўм ҳаражат қилиш лозим. Ҳосилдорликни 45 центнерга кўтариб олсак, ўша плёнкага кучимиз етиб қолади. Бунинг учун бироз вақт керак.

Шунингдек илғор давлатлар технологияси остида ғўзани томчилаб суғоришни жорий этмоқчимиз. Бундай тизимнинг афзалликлари фақат сувни тежашда эмас. Масалан, Ўзбекистонда бир гектар ерга бир тонна дори солинади. Бу эса ерни бузади. Томчилаб суғоришда бир гектарга 71 килограмм солиш кифоя, дори ғўзанинг илдизига етиб боради, бир грамми ҳам увол бўлмайди.

Яна бир афзаллик — кетмон кўтариб ерга кириш шарт эмас. Анъанавий суғориш услубида ерга бегона ўтнинг уруғи сув билан бирга келади. Томчилаб суғоришда эса сув иккита филтрдан ўтади ва тозаланиб ерга тушади. Экиш олдидан ерга тўғри ишлов берилган тақдирда бегона ўт умуман чиқмайди. Томчилаб суғориладиган ерда резина қувурлар бўлади, унга кетмон уришнинг иложи ҳам йўқ.

Ҳозир биз еримизни тўлиқ мана шундай тизимга ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун ер таркиби намунаси ҳорижга юборилган. Ҳамкорларимиз тадқиқ қилиб бўлгандан сўнг, суғориш тизимини шакллантириш учун мутахассис юборишади. Иш мана шундай тизимда йўлга қўйилган тақдирда гектаридан 70 центнер ҳосил олиш имкони бўлади. Биз бу йил тажриба тариқасида ушбу технологияни синовдан ўтказдик. Ишонч билан айтаман, Ўзбекистонда бир гектар ердан 70 центнер пахта ҳосили олиш мумкин, — дейди «Khantex Group» МЧЖ таъсисчиси Зокиржон Набижонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг