Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миср Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида ёрдам бермоқчи

Миср Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида ёрдам бермоқчи

Фото: «The World News»

2019 йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов бошчилигидаги делегация Қоҳира шаҳрига ташриф доирасида Миср Савдо ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Аҳмад Антар ва Инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Реда Бебарс билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар чоғида икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий, инвестицион ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлигини фаоллаштиришнинг амалий масалалари 2018 йилнинг сентябрь ойида Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида эришилган иқтисодий келишувларнинг бажарилиши нуқтаи назаридан муҳокама қилинди.

Учрашувда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро комиссияси 7-мажлисининг кун тартиби ва амалий жиҳатлари, унинг доирасида бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорларининг Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Миср томони Ўзбекистон маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш учун Мисрнинг Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан амалдаги эркин савдо режимида берилган имкониятлардан фойдаланишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Миср халқаро Тарифлар ва савдо бўйича бош битим/Жаҳон савдо ташкилотининг асосчиларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш масаласида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон делегацияси «Ўзбекистон-Миср: иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги илмий-амалий конференцияда ҳам иштирок этди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг