Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Дон нархини барқарорлаштириш аҳоли чўнтагидан бўлмаслиги лозим» — «Адолат» партияси

«Дон нархини барқарорлаштириш аҳоли чўнтагидан бўлмаслиги лозим» — «Адолат» партияси

Фото: «Адолат» СДП

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

«Адолат» СДП фракцияси ижрочи котиби Анвар Эгамқуловнинг маълум қилишича, мазкур йиғилишда дастлаб жорий йилнинг 2 октябрь куни Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Олий Мажлисга юборилган «Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш тўғрисида»ги  мурожаатномасини кўриб чиқишди.

Қайд этилишича, партия томонидан мурожаатномада кўтарилган масалалар ва таклифлар бевосита жойига чиқиб, дон корхоналари, фермерлар ҳамда аҳоли билан учрашган ҳолда батафсил ўрганилди.

Ўрганишларда маълум бўлишича, ҳудудларда соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор ижобий ишлар билан бирга, ечимини кутаётган қатор муаммолар борлиги кузатилган. Жумладан, дон, ун ва нонни сотишга, шунингдек, донни қайта ишлаш тармоғига нисбатан бозор механизмларининг мавжуд эмаслиги соҳанинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.

Депутатлар эътироф этишича, айрим фермер хўжаликларининг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш, уларнинг ўз меҳнатларига яраша даромад олишлари ва шу орқали ғалла етиштириш ҳажмларини кўпайтиришга уларнинг қизиқишлари ортишини таъминлаш бугунги кунда соҳадаги энг муҳим масала ҳисобланади.

Фракция депутатлари қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштириладиган дон ва уни қайта ишлашдан олинадиган ун, қолипли нон ва бошқа маҳсулотларни сотиш, сотиб олиш, шунингдек ушбу маҳсулотларга нарх белгилашнинг амалдаги механизмини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлашди. Фақатгина ушбу жараёнга шошма-шошарлик билан эмас, босқичма-босқич тарзда ўтиш ва юзага келиши мумкин бўлган барча хавф-хатарларни эътиборга олиш лозимлиги таъкидланди.

Шундагина ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратишни таъминлаш масаласини кўриб чиқиш мумкин. Бунинг учун эса ушбу соҳада ривожланган давлатларнинг ижобий  тажрибасини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда ўрганиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

«Адолат» СДП депутатлари ушбу механизмни амалиётга жорий этишда дон, ун ва нон маҳсулотлари нархлари эркинлаштирилиши натижасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўшимча харажатлар билан таъминлаш чоралари кўрилган тақдирдагина  мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашларини қайд этишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг