Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Банк ходимлари малакаси хориж тажрибаси асосида оширилади

Банк ходимлари малакаси хориж тажрибаси асосида оширилади


Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан кадрларни танлаш, уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан брифинг ўтказилди.

Унда «Ўзмиллийбанк» АЖ Ходимлар билан ишлаш департаменти директори ўринбосари Умид Валиев ва «Газпромбанк» АЖ ижрочи директори Алексей Шевченко томонидан кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксизлиги, ўқитиш дастурларининг замонавий тижорат банклари томонидан кенг фойдаланилаётган рақамли технологияларга мувофиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Бугунги кунда корпоратив бошқарув, молиявий менежмент, аудит, молиявий хатарларни бошқариш, ахборот-коммуникация технологиялари, қимматли қоғозлар бозори соҳаларида банк секторининг юқори малакали кадрларини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, банк ходимларини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг илғор халқаро тажрибасини жорий этиш долзарб вазифалардан биридир.

Президентимизнинг 2019 йил 31 октябрдаги «Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф етадиган самарали механизм ишлаб чиқиляпти. Жумладан, «Ўзмиллийбанк» АЖ тизимида ҳам филиал ва бўлим ёш раҳбарларини фаолиятини қўллаб-қувватлаш тажрибаси мавжуд. Бош офис департамент директорларининг 4 нафари, директор ўринбосарларининг 10 нафари 35 ёшгача бўлган ходимлардир. Банк тизимида фаолият юритаётган ёш кадрлар сони ҳам ортиб бормоқда. Бугунги кунда мазкур ташкилот тизимида 5 минг 800 дан ортиқ мутахассис фаолият юритаётган бўлса, шулардан 32 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келмоқда.

Ходимлар малакасини ошириш мақсадида қатор интерактив лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, «Ўзмиллийбанк» АЖ бош офисида 17-20 февраль кунлари банк бошқаруви ходимлари учун ўтказилган “Бошқарувчи – 2020” семинар-тренинги бу борада муҳим аҳамият касб этади. Ушбу лойиҳа бошқарув воситаларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида «Газпромбанк» АЖ билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасига асосан ташкил этилди.

Қайд этилганидек, самарали бошқарув раҳбар ходим фаолияти билан чамбарчас боғлиқ ҳисобланади. Шунингдек, раҳбар ходимлар таркиби қўл остидаги ходимларга қўйиладиган вазифаларни самарали режалаштириши, вазифа юклашда ходимнинг имкониятларини инобатга олиши, бошқарувнинг турли шаклларини қўллай олиши лозим. Тренинг давомида иштирокчилар, ўз билимларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда бошқарувнинг янги усулларини ўрганиш имконига эга бўлди.

Брифингда мазкур йўналишдаги ҳамкорлик келгусида инвестицион банкинг, лойиҳавий молиялаштириш, бизнес юритишнинг умумий тамойилларини шакллантириш ва бу орқали банк-молия секторида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилиши борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг