Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турк ва ўзбек қурувчилари нима учун жанжаллашган эди? ИИВ изоҳ берди

Турк ва ўзбек қурувчилари нима учун жанжаллашган эди? ИИВ изоҳ берди

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қора-сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида «Агромир Билдинг» корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққанлиги ҳақида ИИВ Ахборот хизмати маълумот берган эди.

Унда фуқаролардан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов якунига кўра тўлиқ ахборот берилишига қадар, ижтимоий тармоқларда айланаётган видео тасвирларга номақбул изоҳлар беришларидан ўзларини тийишларини сўралган эди.

Афсуски айрим ижтимоий тармоқларда, бўлиб ўтган воқеани бўрттириб кўрсатиш, мамлакатимиз фуқароларини миллатчиликда айблаш ҳамда ўзбек-турк муносабатларига совуқчилик тушириш мақсадида, бўлиб ўтган ҳодисага гўёки «Турк ишчилари ошхонада ишлайдиган маҳаллий аëлни зўрлаганлиги оқибатида» ёки «Жанжал маҳаллий ишчиларнинг ўзлари ва туркларга айни иш учун берилаëтган ойлигидаги катта фарқидан келиб чиққан» деган важларни келтириш ҳолатлари кузатилди.

Воқеадан бехабар айрим фуқароларимиз, ушбу важларга берилиб, салбий изоҳларни тарқалишига сабабчи бўлмоқдалар.

ИИВ ахборот хизмати маълум қиладики, 2019 йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қора сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида «Агромир Билдинг» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қавватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган Туркия давлати фуқаролари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасидаги келишмовчилик оқибатида, ўзаро тан жароҳатлари етказилган.

Суриштирув жараёнида мазкур жанжал 1996 йилда туғилган Пайариқ тумани «Тохиршайх» маҳалласида яшовчи, якка тартибда мавсумий меҳнат билан шуғулланувчи ўзбек фуқароси С.П. «Агромир Билдинг» МЧЖ томонидан ёлланган қурувчи-монтажчи бир неча турк фуқаролари билан оловда исиниш баҳонасидан келиб чиққанлиги, шундан сўнг у авжига чиқиб, юзага келган жанжалга қурилишга ёлланган бошқа Ўзбекистон фуқаролари аралашиб бир бирларига тан жароҳатлари етказилганлиги аниқланди.

Маълум қиламизки, қурилиш ишларига 1.800 дан кўп Ўзбекистон Республикаси ҳамда 200 дан ошиқ Туркия давлати фуқаролари жалб этилган. Ушбу ҳолат натижасида Туркия давлати фуқароларидан тўрт нафари ва маҳаллий фуқаролардан бир нафари енгил тан жароҳати олишган.

Суриштирув жараёнида шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Туркия фукароларидан 4 нафари жабрланувчи, 11 нафари жанжалда иштирок этган фаол гувоҳ тариқасида ушбу жиноят ишига жалб этилган.

Шунингдек, 7 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жабрланганлиги, жиноят ишидаги иштирокчилик ва айблилик даражасига тергов ҳаракатлари давомида тўлиқ аниқлик киритилади. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти мутассади ходимлари томонидан ишчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг