Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Судьялар олий кенгаши ва АОКА ўтказган тадбир АҚШ элчиси эътиборини тортди

Судьялар олий кенгаши ва АОКА ўтказган тадбир АҚШ элчиси эътиборини тортди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ўқув-машғуотлари ташкил этилгани хабари берилганди.

 Ўз навбатида Журналистика ва оммавий коммуникациялар унверситети (ЎзЖОКУ) тадбир мавзуси («Суд ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив мулоқот») муҳим ва долзарблиги эътиборидан уни фаол қўллаб-қувватлашдан ташқари ҳамкорлар қаторига қўшилганидан ҳам бохабарсиз.

Куни кеча икки ҳафтага мўлжалланганган ўқув-машғулотлари ниҳоясига етди.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати кўра, ўқув-машғулотлар бевосита ва билвосита (онлайн) шаклида йўлга қўйилгани боис иштирокчилар сони кутилганда зиёда бўлди. Зеро, жуда қисқа муддатда жами 45 нафар журналист ва блогерлар жамланиб, суд процессларини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари борасида касбий малакасини оширгани ҳазиликам гап эмас. Барча машғулотлар қуруқ маърузабозликдан холи, баҳс-мунозаларга бой тарзда ўтгани, ўқув-дастурларига иштирокчиларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб борилгани тадбир самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўқув-машғулотларининг охирги кунида «минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал» нақлига риоя қилиниб, иштирокчиларга суд процессларини бевосита кузатиш имконияти ҳавола этилди. Журналист ва блогерларнинг Тошкент шаҳар иқтисодиий судига ташрифи мобайнида эътиборга молик иккита ҳолат юз берди. Яъниким, битта суд процессида кўрилаётган низода тижорат сирига оид ҳолат борлиги учун узр айтилган бўлса, иккинчисида томонлардан бири журналист ва блогерлар иштирокига эътироз билдирди. Якунда ҳар икки ҳолатдаям «...ОАВ ходимлари очиқ суд мажлисига қўйилмади» мазмунидаги иддаоларга ҳожат йўқлиги тушунилди. Ўқув-машғулотларнинг илк ҳосиласи шу.

...Иштирокчиларнинг ўқув-машғулотлар ўзлари учун фойдали бўлгани эътироф этиб, самимий миннатдорчиликка тўла гаплари тадбир ташкилотчиларининг чарчоғини чиқаргани аниқ. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаевнинг тадбир якунида расмиятчиликларни бир четга суриб, улар билан жўшқин мулоқотга киришгани эса мутасаддилар ва ОАВ ўртасидаги кўринмас пардалар кўтарилаётганидан далолат. Зеро, «...эшигимиз сизлар учун доим очиқ», дея баланд оҳангларда гапириш бошқа, минг бир юмушдан ортиб, журналист ва блогерлар билан дилдан суҳбатлашиш, ҳатто улар билан селфига тушиш барибир бошқа экан-да.

Айтганча, АОКА директори тадбирга келишидан саноқли соатлар аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув ўтказгани, унда бугун якунига етаётган ўқув-машғулотлари элчихона эътиборини тортганини эшитиш ёқимли бўлганини таъкидлади. Буям катта гап. Судьялар олий кенгаши раисининг суд процессларини ёритишда кўриб чиқилган ишларнинг бошқаларга ибратли бўладиган қирраларига ҳам эътибор қаратиш, тарбиявий аҳамиятига алоҳида урғу бериш мақсадга мувофиқлиги, токи, ўқувчи тўғри хулосага чиқаришига туртки бўлиши кераклиги мазмунидаги таклиф-тавсиялари кўпларга маъқул келди.

Тадбир якунида, табиийки, иштирокчиларга сертификатлар топширилди.  Шунингдек, журналист ва блогерлар учун махсус тайёрланган амалий қўлланма ҳам ҳадя этилди. Қўлланмада суд процессларини ёритишни тартибга солувчи миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ўрин олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг