Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда катта шов-шув кўтарган иш бўйича суд ҳукми эълон қилинди

Ўзбекистонда катта шов-шув кўтарган иш бўйича суд ҳукми эълон қилинди

Мансур Туймаев (чапда).

Фото: «Озодлик»

2019 йил 20 июль куни Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев «Ҳисор Сарлочин» МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Баҳриддин Истамов ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, амалдорга  бензин  сепиб, уни ёқиб юборганидан бохабарсиз, албатта.

Ўз вақтида катта шов-шувга сабаб бўлган мазкур воқелик ортидан Яккабоғ тумани ҳокими ва прокурори вазифасидан озод этилди. 

Шунингдек, кўп ўтмай  тадбиркорга ҳам, туман ҳокими ўринбосарига ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилганди.

Бугун, 18 октябрь куни, жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида мазкур воқелик сабаб қўзғатилган жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси Лутфулла Мамаражабов бошчилигида  кўриб чиқилган «иш» якунига кўра, судланувчи Баҳриддин Исамов (1963 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, «Ҳисор сарлочин» МЧЖ да ишчи бўлиб ишлаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,98-моддаси (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) да тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Эҳтиёт чораси сифатида 2019 йил 21 июлдан 2019 йил 29 августга қадар (1 ой 8 кун) қамоқда ўтирган кунлари тайинланган жазодан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 62-моддаси (дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан чегирилиб, қатъий ўташ учун 1 йил 10 ой 22 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Судланувчи Мансур Туймаев (1976 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати —  ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — олий, оилали, Яккабоғ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-1-моддаси (хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) 3-қисми «а» банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, энг кам ойлик иш ҳақининг 510 баравари миқдорида, яъни 103 392 300 сўм жарима жазоси тайинланди.

Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланди.

М.Туймаевнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида 61 та тадбиркор ва 30 та фуқарога етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб бериш мажбурияти Яккабоғ туман ҳокимлиги зиммасига юклатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг