Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқандда икки нафар ИИБ ходимига ҳукм ўқилди

Самарқандда икки нафар ИИБ ходимига ҳукм ўқилди

Фото: «Xabar.uz»

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди икки нафар ИИБ ходимига ҳукм ўқиди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га суддаги манбамиз маълум қилди.

Унга кўра, ҳар иккала ходим Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси таркибидаги ИИБнинг Жиноят қидирув бўлимида тезкор ходим вазифасида ишлаган. Икковлон шаҳардаги «Шодиёна» савдо мажмуасида полителин пакетлар сотиш ва ноқонуний равишда чет эл валютасини айирбошлаш билан шуғулланиб келган фуқаронинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслик, кейинчалик ҳам унга «крыша»лик қилиш эвазига пул таъма қилишгани айтилади.

Ойлик «ставка» — 200 АҚШ доллари!

Бунча пул валютафурушликни йиғиштириб, куни фақат полителин пакетлар сотувидан аранг тирикчилик қилиб келаётган савдогарнинг «белини чиқариб» юбориши аниқ. Бироқ, ким-ким ЖҚБ тезкор вакилларига очиқ-ойдин «йўқ!» деб бўлармиди?! Энг мақбул чора — зоҳирда «хўп-хўп» деб, дарҳол бу ҳақда тегишли органга мурожаат қилишдир.

Шундай бўлди. Натижада ЖҚБ тезкор вакиллари далилий ашё билан қўлга олинди.

Дастлабки тергов жараёнида эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғига олинган ЖҚБ ходимларига суд 4 йил (ҳар бирига) озодликдан чеклаш жазоси тайинлади (тайинланган жазодан уй қамоғида бўлган давр чегириб ташланди).

Воқеликнинг қисқа баёни шу. Судланувчиларнинг исми-шарифини ёзмадик? Йўқ, шартмас. Гап бошқаларнинг бундан хулоса чиқариб олишида (шаҳар бедарвоза эмас, ахир)! Қолаверса, йиқилганни тепиш оқилларга ярашмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг