Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиядаги институт тарғиб қилаётган масофадан ўқитиш тизими Ўзбекистонда тан олинмайди

Россиядаги институт тарғиб қилаётган масофадан ўқитиш тизими Ўзбекистонда тан олинмайди

Россия Федерациясининг Шарқий Европа нодавлат институтида масофавий таълим берилиши бўйича олиб борилган тарғибот Ўзбекистон қонунчилигига тўғри келмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизмати Xabar.uz'га маълум қилди.

Кейинги вақтларда айрим жисмоний шахслар ҳамда консалтинг хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар юртимизда ҳозирги кунда дипломи тан олинмайдиган олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун хужжатларни топшириш бўйича ёшларимиз орасида тарғибот ишларини амалга ошираётганлари юзасидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига мурожаатлар келиб тушмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 22-сонли мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби биносида Россия Федерациясининг Шарқий Европа нодавлат институти (Восточно-европейский институт) масофавий олий таълим хизматларини Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмасдан, ноқонуний таълим фаолияти билан шуғулланаётганлиги маълум бўлмоқда.

Шунингдек, карантин сабабли юртимиздаги олий таълим муассасаларида таълим жараёнлари масофавий шаклда ташкил этилгани ниқоби остида кўплаб консалтинг ташкилотлари ўз рекламаларида «дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади» каби асосланмаган маълумотлар билан масофадан таълим берадиган хорижий олий таълим муассасаларини тарғибот қилишмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги Қонунида ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда (кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари кўзда тутилган) таълим олиш белгиланган, лекин масофавий таълим шакли ушбу қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган.

Бу эса республикамиз фуқароларига нотўғри маълумотлар тақдим этилишига ва мазкур тарзда ўқиб олинган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда амалдаги қонунчиликка мувофиқ тан олинмаслигига олиб келади ҳамда фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлади.

Ҳурматли фуқаролар, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси огоҳлантиради!

Турли ташкилотлар ёки фуқаролар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хорижий давлатларда масофавий таълим олиш бўйича кенг жамоатчиликка берилаётган рекламаларига ишонманг ва бундай ҳийла-найрангларга тушиб қолманг.

Ўзингиз ва фарзандларингиз умрини ва маблағларингизни бесамар сарфламанг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг