Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пойтахт прокуратураси иккита ўта оғир жиноят юзасидан атрофлича маълумот берди

Пойтахт прокуратураси иккита ўта оғир жиноят юзасидан атрофлича маълумот берди

Фото: Тошкент шаҳар прокуратураси

Хабар қилинганидек, бугун Тошкент шаҳар прокуратурасида оммавий ахборот воситалари учун махсус брифинг бўлиб ўтди.  Пойтахт прокуратураси раҳбарияти ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда ўтган ҳафтада содир этилган бир эмас, иккита ўта оғир жиноят (қотиллик!) бўйича атрофлича маълумот берилди.

«Атрофлича маълумот берилди» дедик, буни бироз нисбий тушунишингизни сўрардик. Негаки, эндигина фош этилиб, тергови жадал олиб борилаётган «иш»ларнинг тўлиқ «дастурхон» қилинмаслиги маълум. Чунки, «тергов сири» деган ҳуқуқий меъёр бор. Айбланувчи ёки жабрланувчининг қонуний манфаатлари, шунингдек, терговга тўсиқ бўлиши эҳтимолидан келиб чиқиб, «иш»га доир маълумотлар доим ҳам ошкор қилинавермайди.

Мазкур тадбирда ҳам ҳар икки қотиллик бўйича қонун изн берган чегарадан ташқарига чиқилмадики, инсоф юзасидан айтсак, шунинг ўзи катта гап. Зеро, ўта оғир жиноятларга дохил масалалар бўйича махсус матбуот анжумани уюштирилиши доим кузатиладиган воқелик эмас. Демак, прокуратура органлари очиқлик, шаффофлик сари илдамламоқда. Бардавом бўлсин...

Тадбир тафсилотларига ўтсак.

Аввалига дизайнер Наримон Григорян қотиллигига оид иш бўйича маълумот берилди. Маълумки, таниқли дизайнернинг мурдаси шу йилнинг 14 январь куни ўзи ижарада яшаётган Яшнобод туманидаги хонадонда қотиллик аломати билан топилганди.

Орадан уч кун ўтиб, мазкур жиноят иши бўйича 1996 йилда туғилган шахс (А.А.) қўлга олингани хабар қилинди. Айни пайтда А.А.га  қасддан одам ўлдириш жинояти бўйича айб эълон қилинган, шу боис у энди «гумондор» эмас, балки  «айбланувчи»га айланган. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, А.А. марҳум билан бир ой аввал ижтимоий тармоқлар орқали танишган. Қисқа фурсатда дизайнернинг ўзига тўқ эканини тушуниб етган А.А. уни ўлдириб, пул маблағларига эгалик қилишни режалайди. Шу мақсадда у 2019 йилнинг 13 январь куни эрталаб, пичоқ ва бир «баклажка» бензин билан олдиндан қуролланиб, Н.Григорян истиқомат қилаётган хонадонга келади. Уйга кириши ҳамоно дизайнерни бир неча марта пичоқлайди. Олган тан жароҳати натижасида Н.Григорян воқеа жойида вафот этади. Шундан сўнг А.А. хонадонда бўлган 625 АҚШ доллари, 2 дона «Iphone» русумли телефон, 1 дона «Ioos» электрон сигарета чекиш мосламаси, 1 дона «Airpods» қулоқчини ва марҳумга тегишли «Captiva» машинасининг калитини олиб, воқеа жойидан яширинади. Кетар олдидан у ўзи билан олиб келган «баклажка»даги бензин ёқилғисини мурдага сепиб, ўт қўяди. Бироқ объектив сабабларга кўра ёнғин тез фурсатда ўчиб, кўп талофат етмайди. Бу эса жиноят тез фурсатда очилишига маълум маънода имконият яратади.

Айни пайтда айбланувчи қилимишига иқрор. Далиллар ҳам етарли: унинг ёнидан марҳумга тегишли пул, буюмлар ва машина калити топилган.

Худди шу куни (14 январь) пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи 50 ёшли А.Белыйнинг мурдаси ҳам ўз хонадонининг ошхонасидан қотиллик аломатлари билан топилган.  Ўша куниёқ туман прокуратраси томонидан қасддан одам ўлдириш жинояти бўйича иш очилиб, кечиктириб бўлмайдиган тергов-тезкор ҳаракатлари ўтказишга киришилади.

Тергов давомида аниқланишича, марҳум ва қўшниси Л.Х. (аёл) ўртасида анчадан буён келишмовчилик юз бериб келган. Бунинг натижасида Л.Х. ва унинг шаръий турмуш ўртоғи Р.С. А.Белыйни жисмонан йўқ қилиш ҳақида тил бириктиради. Жиноий режани амалга ошириш учун эр-хотин маълум ҳақ эвазига бир таниши орқали уч нафар фуқарони ёллайди. Шу тариқа юзага келган жиноий гуруҳ шу йилнинг 14 январга ўтар кечаси А.Белыйни (у билан бирга яшайдиган икки нафар ижарачининг кўз ўнгида!) қўл ва ғишт бўлаклари билан калтаклаб, сўнг арқон билан бўғиб ўлдиришади...

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олиниб, уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳар икки жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

...Брифингда иккала қотиллик юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб берилди. Марҳумларнинг шахсий ҳаётига оид айрим саволлар очиқланиши қонунан мумкин эмаслиги тушунтирилиб, қолганларига бажонидил жавоб қайтарилди.

Фото: Тошкент шаҳар прокуратураси

Яна бир гап. Брифинг жараёнида мезбонларда бироз ҳаяжон сезилди. Бу табиий. Ўта оғир жиноятларнинг нозик нуқталари кўп бўлади. Баски, оғиздан чиққан битта сўзнинг нотўғри талқини кутилмаган муаммо туғдириши мумкин. Бу эса мезбонларга ҳар битта гапни чертиб-чертиб айтишга мажбур қилади кишини. Қолаверса, пойтахт прокуратураси аввал ўтказган шундай тадбир катта баҳс-мунозарага айланиб, унинг акс-садоси анча вақтгача оммавий ахборот воситаларидан «жаранглаб» тургани ҳали ёддан кўтарилгани йўқ...

Шунга қарамай, ҳаммаси жойида бўлди. Қисқаси, брифингга бош бўлган Тошкент шаҳар прокурорининг икки нафар катта ёрдамчиси (Хуршида Раҳмонова, Севара Саиджонова) зиммасидаги вазифани чакки адо этишмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг