Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олий суд уюштирган пресс-тур: «протокольный» мулоқотлардан қизғин баҳс-мунозараларгача...

Олий суд уюштирган пресс-тур: «протокольный» мулоқотлардан қизғин баҳс-мунозараларгача...

Фото: ЎзА

Зарурият бўлмаса, совуқда сафар кимга ёқади? Бироқ бунақа таклиф доим ҳам бўлавермайдики, дарҳол йўл тадоригига тушилди. Сафар дастури анча бадастир: мавзу аниқ, манзил маълум. Яна жойинг тайёр, чойинг тайёр... Гап жой-у чойнинг ўзидамаску-я, аммо сафарнинг самараси шароитгаям боғлиқ-да. Бўш қоп тик турмас, деган гап бор-а.

Воқеалар ривожидан илгарилаб айтиш шарт: масъуллар ташкилий ишлар масаласида яхшигина риёзат чекишибди.

***

Қанақа сафар? Расмий номи «пресс-тур». «Пресс»дан иштирокчилар журналистлар экани, «тур»дан эса сафар бир неча кун давом этишини тушундингиз. Балли.

Алқисса, 10 декабрь куни эрталаб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги бўйича ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида бир гуруҳ маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари хорижлик меҳмон-ҳамкасблар билан Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари судлари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида йўлга тушдик...

***

Судлар фаолиятидаги ўзгаришларни сезмасликнинг, кўрмасликликнинг иложи йўқ бугун. Оғизни тўлдириб мақташ бироз муболаға бўлар, бироқ эътирофга лойиқ ишлар анча.

Тизим очиқ-шаффофликка интилмоқдами? Ҳа. ОАВ ходимлари учун эшиклари очиқми? Шундай. Энг муҳими — илгари Олий маҳкама раҳбарлари фуқароларни ҳар ойда фақат бир кун қабул қиларди, шундаям бундай саодат ҳамма шикоятчига насиб этавермасди. Бугун раҳбарият ҳафтанинг беш кунида фуқаролар қабули билан банд бўлса, шанба-якшанбада жойларга чиқилмоқда: «сайёр қабуллар» учун. Оқлов ҳукмлари кўпаяётгани-чи?! Аслида-ку, суд оқлов чиқарадими ёки айбловми — ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлса, бас. Аммо йиллар давомида оқловлар анқонинг уруғига айландики, бугун судда бировнинг айбсиз топилиши салкам фавқулодда ҳолат саналмоқда. Ҳолбуки, орада қонунларга жиддий ўзгаришлар киритилгани йўқ, судьяларнинг аксарияти ўша-ўша... Гапнинг пўсткалласини айтсак, яқин-яқингача айбсиз шахсни оқлашга имкон бор-у илож йўқ эди. Энди, минг шукур, тузум ўзгармоқда, тизим ўзгармоқда. Гап шунда!

Мамлакат раҳбарининг «судлар бирон-бир мансабдор қўли етмайдиган даргоҳга айланиши шарт», деган гапи замирида кўп маъно бор.

***

Сафар тафсилотлари қолиб, нега чекиниш қилинди? Ўзгаришлар таққосларда яққолроқ кўринади, бу — бир. Иккинчидан, авваллари бирон-бир хориждан келган меҳмон тизимни танқид қилса ё сукут сақлардик ёки зўр бериб ўзимизни оқлшга уринардик, рости. Бугун, пресс-тур доирасида, суд тизимидаги ўзгаришлар хорижлик ҳамкасбларнинг гоҳ қизиқишига, гоҳ ҳайратига сабаб бўлаётганини кўриб, тўғриси, «мазза қиворган» жойимиз ҳам бўлди. Айниқса, Оқолтин тумани маъмурий судида! Маъмурий судлар ташкил этилганига эндигина икки йилдан сал ошди. Фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўришга ихтисослаштирилган мазкур судлардан анча-мунча мансабдорлар ер чизиб чиқмаяптими?! Бу борадаги статистикалар меҳмонлар қизиқишини орттирган бўлса (мансабдорларнинг хатти-ҳаракатидан норози мурожаатларнинг ўрта ҳисобда ҳар учтадан иккитаси қаноатлантириляпти-да), судларда яратилаётган шароитлардан ҳайратини яширишмади. Бино фойдаланишга топширилганига уч ой бўлган, ҳамма нарса янги ва ораста.

Фото: Садоқат Аллаберганова
Фото: Садоқат Аллаберганова

Замонавий ахборот технологиялари жорий этилиши натижасида судга «E-sud» тизими орқали онлайн мурожаат этиш имконияти пайдо бўлган. Яъниким, судга қатнаб, вақт ва маблағ йўқотилмайди, процессда масофадан туриб иштирок этиш мумкин. Масофаки, шахс мамлакатнинг қайси ҳудудида эканининг фарқи йўқ...

«Қалай?» дегандай қарадик голландиялик меҳмонга. У бош бармоғини кўрсатди: «Гудь, гудь...».

***

Фото: ЎзА

Суд тизими ходимлари, айниқса, кўп судьяларда бир ҳолат кузатилади. Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқотда ўзларини ўта «протокольный» тутишади денг. Интервью-суҳбатда, майли, буниси тушунарли. Бироқ ўзаро гурунгдаям ҳолати ўзгармайди. Касб тақозоси, қолаверса, қонуннинг «қаттиқ тили» билан «ҳамсуҳбат» бўлаверишнинг таъсири бўлса керак, албатта. Мухбирларнинг эса йўриғи бошқа: жайдари тилга ўрганган қалам аҳли икки гапининг бирига қонун ёки кодекс моддаси қўшиладиган жавобларни «ҳазм қилиши» қийин. Шу боисми суҳбатлар қўр емайди кўпинча. Оқолтинда Сирдарё вилоят маъмурий судининг раиси Абдуҳалим Аҳмедов билан суҳбатда ҳам айни ҳолат кузатилди. Қачонки, хайрлашар вақти етиб, меҳмонлардаги ижобий таассуротларни кўргач, са-ал «ёзилди». Гап орасида қилинган озгина пайровдан сўнг юзидаги жиддият бироз нари кетиб, «Э-э, сизлар билан роса-а гаплашиладиган экан-ку, вақт қандай?», деди очилиб. Вақт тиғизроқ эди, узр айтдик. Чунки, ҳадемай қош қораяди. Қолаверса, ёмғир томчилаб турибди. Тезроқ Жиззахнинг Ғаллаоролига етиб олиш керак. У ёқда ҳам кутишяпти...

***

Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди Самарқанд—Жиззах йўлининг шундоқ ёқасида, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судлар билан ёнма-ён жойлашган. Бинолар янги, ҳатто айрим хоналаридан бўёқ ҳиди кетиб улгурмабди. Келсак, Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров... шу ерда экан?! Аллақачон етиб келганини туманлараро суди раисининг хизмат хонаси «давра суҳбати»га мослаштирилган, стол устига ширинликлар тортилиб, чою-қаҳвалар варақлаб қайнаб ётганидан билдик. Бундан ташқари нафақат туман, балки вилоятнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлари раҳбарлари ҳам шу ерда. Холмўмин Ёдгоров оммавий ахборот воситалари ходимлари билан гаплашавериб, яхшигина тажрибага орттирган, шунданми, яланғоч қўл билан «тутиб» олиш қийин.

Энди суҳбат қўр еса керак.

***

Иссиқ қаҳва совқотган таналарга илиқлик юргуртиргач, шунга монанд суҳбат ҳам қизиб бораверди. Пресс-тур иштирокчиларига наинки фуқаролик, балки маъмурий, жиноий ва иқтисодий судлар фаолиятига оид атрофлича маълумот берилди. Меҳмонларни хориж инвесторлари ҳуқуқлари ҳимоясига оид масалалар кўпроқ қизиқтирди. Ва, чамаси, саволларига етарли жавоб ҳам олишди. Иқтисодий судларда инвесторлар тараф бўлиб ўтган низолар йўқ эмас. Инвесторнинг қалқони бу — шартнома. Шартнома қонун талабларига риоя этилган ҳолда тузилдими, унинг шартлари ким томонидан бузилса, шунга яраша жавоб беради. Бошқача бўлиши мумкинмас. Шундаям қаноат ҳосил қилинмаса, марҳамат, масала юқори босқичда кўриб чиқилишида ҳеч қандай муаммо йўқ...

Меҳмонлар суд мажлиси жараёнлари оммавий ахборот воситаларида ёритилишига доир тартиблар ҳақида ҳам қайта-қайта савол ташлашди. Давлат сири ёки инсон шаъни, қадр-қимматига оид ёпиқ суд мажлисларида кўриладиган ишларни истисно қилганда деярли муаммо йўқ. Журналистнинг очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлиш ҳуқуқи қонунга алоҳида банд тариқасида киритирилган. ОАВ ходимлари ўз иш қуролларидан (видео, аудио, фотоаппарат) фойдаланиши эса судга раислик қилувчи томонидан ҳал этилади. Бунда тарафларнинг фикри муҳим. Агар тарафлардан бири суд жараёнини тасвирга (суратга) олишга қаршилик билдирса, унинг хоҳишига зид борилмайди. Зеро, қонун олдида шундоғам жавоб бераётган шахсни (унинг хоҳишига тескари равишда) кенг жамоатчиликка кўрсатиш ўйла-аб ҳал этиладиган масала («ўйла-аб» сўзига урғу бериши ортидан Х.Ёдгоров маҳаллий журналистларни яна бир карра ҳушёрликка чақирди-ёв?!).

Дарвоқе, «Global media creators» продюссери, кўриниши ўзимизнинг тоғлик қизларини эслатадиган Шэрон Рейснинг (АҚШ) оддийгина саволи («Жиззах вилоятида неча нафар аёл судья бор?») бир ҳолат очиқланишига сабаб бўлди. Бошқа вилоятлардан фарқли равишда Жиззахда бир нафар аёл судья ишларкан, холос...

***

Пресс-турнинг иккинчи куни (11 декабрь) Тойлоқдан (Самарқанд вилояти) бошланди.

Аввало, тумандаги барча судлар битта бинога жойлашгани билан эътиборни тортди. Иншоот шинам, замонавий андозалар асосида қурилган. Тўртта судга битта кенг-мўл қабулхона. Қабулхонанинг марказий нуқтасида битта ойнаванд хона бор. Навбатчи судья шу ерда фуқароларни қабул қилади. Рўпарадаги электрон монитор интернет тармоғига уланган. Керакли тугмаларни босиб, қайси судда қайси низо қачон кўрилишини бир деганда билволиш мумкин. Бундан ташқари ўрнатилган дастур орқали судга даъво-ариза ёзиш намуналари билан танишиш, мурожаат хусусиятига қараб, давлат божи миқдоригача маълумот олиш имкони бор. Шунингдек, бошқа судларда мазмунан кўриб қилиб, қабул қилинган суд ҳужжатларининг элетрон шакли билан ҳам танишиш мумкин.

Тойлоқда сафар дастури бузилди, белгиланган вақтдан кўпроқ қолиб кетдик. Сабабики, бир кун аввал, Ғаллаоролда кечган суҳбатда меҳмонлар очиқ суд мажлисида иштирок этиш имконияти ҳақида сўрашганди. Эринмаган Х.Ёдгоров Ғаллаоролдан Тойлоққа келиб, меҳмонларнинг илтимосини бажо келтирди.

Жиноят ишлари бўйича туман судида қилмишлари учун аввал судланиб, тегишли жазосини олган маҳкумларнинг (жазонинг) қолган қисмини ўташдан шартли (ЖКнинг 73-моддаси тартибида) озод қилиш масаласи кўрилди. Суд мажлислари кўпга чўзилгани йўқ. Чунки, иш мураккаб эмас, яъни, маҳкумларнинг жинояти бир бошдан кўриб чиқилмайди. Балки тайинланган жазонинг қанчаси адо этилгани, бу вақт мобайнида маҳкумлар ўзларини қандай тутишгани-ю ваколатли органнинг хулосасидан келиб чиқиб, бир тўхтамга келинади, тамом.

...Маҳкумлар бирин-кетин ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод этилиши меҳмонларни ағрайтириб қўйди: шунақасиям бўладими?

Шундан кейин айни мавзуда баҳс-мунозаралар бошланиб кетсами?! Дастурда белгиланган вақтдан иккитаси ўтди. Саволларнинг охири кўринса, қани?! Тушунтирилдики, миллий қонунчилигимизда ўзи хос нормалар бор. Уларда миллий қадриятлар мужжасламлигини кўриш мумкин. Масалан, ярашув институти. Унга кўра, муайян жиноятларда жабрланувчи ва айбланувчи (судланувчи) ўзаро ярашганини, бир-бирига даъвоси йўқлигини билдириб, мурожаат этса, «иш» тугатилади. Ёки иқтисодий соҳадаги жиноятларни олайлик. Агар айбдор етказилган зарарларни ихтиёрий равишда қопласа, унга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланади. Жамоат ташкилотлари, ўз-ўзини бошқариш органларининг кафиллиги ҳам айрим тоифадаги судланувчиларга қамоқ юзини тескари қилиши мумкин. Ёки, мана, бугун кўрган кўрилган ишлар: беш нафар маҳкум нега жазонинг ўталмай қолган қисмидан шартли озод этилди? Чунки улар, аввало, маълум муддат жазоси ўташи мобайнида ўз жиноий ҳаракатларининг салбий оқибатларини тушуниб етди, қилмишларидан пушаймон эканига судни ишонтирди. Шундай экан, маҳкумларни «ушлаб» ўтиришдан маъно йўқ. Жазодан мақсад — тарбия экани шу. Агар улар шартли жазо муддати мобайнида яна жиноятга қўл ургудек бўлса, жазо оғирроқ бўлади, негаки, қонунчиликда берилган енгилликлар суиистеъмол қилингани эътибордан соқит қилинмайди...

Баҳс-мунозаралар меҳмонларда миллий қонунчилигимизга нисбатан ҳам қизиқиш уйғотгандай. Йўқса, Олий суд раиси ўринбосарини саволларга кўмиб, бунча «терлатмасдими», яна қайдам...

***

Бугун, персс-турнинг учинчи куни. Кўҳна Бухоронинг қоқ марказидамиз. Дастурга кўра, «Судлардаги очиқлик ва шаффофлик — инсон ҳуқулари ҳимоясининг муҳим омили» мавзуида халқаро давра суҳбати сафарга якун ясайди.

Кеча кечқурун Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов пойтахтдан учиб келиб, пресс-тур иштирокчилари билан бир пиёла чой устида норасмий суҳбат қурди.

Расмий мулоқотларга саноқли дақиқалар қолди.

Бу энди кейинги мақола мавзуси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг