Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Набирадан бобога 37 млн. сўм зарар ундирилди

Набирадан бобога 37 млн. сўм зарар ундирилди

Фото: МИБ матбуот хизмати

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 20.02.2018 йилдаги қарори билан фуқаро Р.Бойқўзиевдан Қ.Пўлатов фойдасига 37 млн. 468,6 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган эди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати.

Бир қарашда оддий кўринган ушбу ижро ҳужжати МИБ Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўрганилганида ҳақдор ва қарздор яқин қариндош — набира ва бобо эканлиги маълум бўлган. Яъни, набира Р.Бойқўзиев ўз бобоси Қ.Пўлатовни чув туширган экан. Бироқ набира бобо олдидаги қарзини тўламай қочиб юрган.

Давлат ижрочиси томонидан унинг номига расмийлаштирилган мулклар ўрганилганида «Спарк» русумли автомашина мавжудлиги аниқланди. Транспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинганда Бағдод туманида истиқомат қилувчи Ш.Хидиров бошқарувида эканлиги маълум бўлди. Буни қарангки, «шоввоз» набира автомашинани Ш.Хидировга ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан сотишга ҳам улгурган экан.

Қонунда белгиланган тартибга кўра, «Спарк» жарима майдончасига киритилди, сўнг аукцион электрон савдога қўйилганида набира шошиб қолди ва... Бюронинг Қувасой шаҳар бўлимига келиб, қарзини нақд пул кўринишида тўлиқ тўлаб берди.

Набира ва бобо ўртасидаги муносабатлар қандай давом этишини вақт кўрсатади. Асосийси, МИБ ўз ишини бажарди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг