Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оқ халатли мансабдорлар пуллик хизматдан тушган 13,2 млрд. сўмни «еб кетган»

Оқ халатли мансабдорлар пуллик хизматдан тушган 13,2 млрд. сўмни «еб кетган»

Фото: «Xabar.uz»

Бош прокуратурада ўтказилаётган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг йиғилишида «Xabar.uz» мухбири ҳам қатнашмоқда.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев соғлиқни сақлаш тизимида молиявий қонунбузарликлар йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан 2018 йилда 8,2 млрд. сўм сарфланишида молиявий қонун бузилишлар аниқланган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 3 баробарга ортиб, 26,7  млрд. сўмни   ташкил қилган.

Бош прокурор соҳада ўзини ўзи молиялаштиришнинг ягона манбаи — пуллик тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, интизом ва тартиб бўшашиб кетганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказининг айрим мансабдор шахслари банк ходимлари, жами 12 нафар шахс билан жиноий тил бириктириб, 15,3 млрд. сўмни ўзлаштирганликларини аниқлаган. Шундан, пуллик хизматдан тушган 13,2 млрд. сўм банкка топширилмасдан, 1,1 млрд. сўм эса, ходимларнинг иш ҳақлари, ғазнадан   очиқдан-очиқ ўзлаштирилган. Камига, амалда кўрсатилмаган хизматлар ҳамда етказиб берилмаган жиҳозлар учун 636 млн. сўм ўтказилиб, сув ва ҳаводек зарур маблағ  талон-торож қилинган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафар масъул мансабдор шахс қамоққа олинган.

Бундан ташқари, вазирлик «Тиббиёт-қурилиш» инжиниринг корхонасининг баъзи мансабдор шахслари тиббий муассасаларда амалда бажарилмаган қурилиш ишлари, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳамда молиявий ёрдам важи билан 2,3 млрд. сўм ўтказиб, маблағларни   қўлга   киритишган.

Бу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатиб, тергов ўтказиш бошланганидан сўнг, қисқа муддатда 1 млрд. сўмдан ортиқ зарар қопланган.

«Энг ташвишлиси, бундай ҳолатларга вазирлик ҳам, бюджет назоратига масъул идоралар ҳам «кўз юмиб», сукут сақлашни маъқул кўришган. Ким бу ишларга аралашган ёки раҳнамолик қилган бўлса, тергов жараёнида барчасининг жавобгарлик масаласи, албатта, ҳал қилинади», — деди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг