Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Карантин шароитида инсоннинг ҳимоя ҳуқуқи ва «салла деса, калла олинаётган» ҳолатлар - Адвокат бонг уради

Карантин шароитида инсоннинг ҳимоя ҳуқуқи ва «салла деса, калла олинаётган» ҳолатлар - Адвокат бонг уради

Фото: «Xabar.uz»

Таниқли адвокат, юридик фанлари доктори Баҳром Саломов карантин пайтида инсон ҳуқуқлари, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясига оид айрим оғриқли ҳолатлар ҳақида бонг урди.

Унинг "Аdvokatnews.uz" сайтида ёзишича, карантин қоидаларини бузганлиги учун бир неча ўн минглаб одамлар жаримага тортилганлиги сўнгги статистик ҳисоботларда қайд этилмоқда, аммо ҳали бирон бир адвокатдан бу тоифадаги ишларда қатнашгани ҳақида эшитмадик. Шунингдек, жарима белгилашдан олдин ҳеч бўлмаса ҳуқуқбузарларнинг ўзларини чақириб, вазиятга ойдинлик киритилгани ҳақида ҳам. Бу эса одил судлов тамойилларига зиддир!

Дунё амалиётига разм соладиган бўлсак дея давом этади муаллиф, пандемия даврида ҳар бир давлат касаллик билан ўзига хос усулда курашаётганлигини кўришимиз мумкин. Масалан, баъзи давлатлар ниқобсиз кўча-кўйда юрган фуқароларга бепул ниқоб тарқатаётган бўлса, айрим давлатларда уларни таёқ билан калтакланаётганлигини (жумладан, Ҳиндистондаги шундай ҳолатлар акс этган хабарлар ижтимоий тармоқларда кўп тарқалди) кўришимиз мумкин. Шу маънода бизнинг мамлакатимиз, ўйлашимча, “олтин оралиқ”ни танлади.

Гарчи “биз энг тўғри йўлдан бордик”, дея узил-кесил хулосага қилишга ҳали анча эрта бўлса-да, мамлакатимизда пандемияга қарши кураш учун кескин чора-тадбирлар ўз вақтида белгиланганлиги ва ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилинганлиги боис коронавирус касаллигига чалинган беморлар сонининг жадал суръатлар билан ошиб кетишига йўл қўйилмади. Юртимизда бу касалликка чалинган беморлар сони шу кунгача тўрт мингтага яқинлашганига қарамасдан, уларнинг 80 фоиздан ортиқроғи тузалди. Касалланганларнинг 14 таси вафот этгани ҳисобга олинса, ўлим кўрсаткичи ҳам халқаро ҳолатга солиштирганда анча паст, яъни 0,5 фоизни ташкил этмоқда.

Шундай бўлса-да, карантин билан боғлиқ тартибларни ўрнатиш жараёнида инсон ҳуқуқлари таъминланиши борасида айрим эътирозли ҳолатлар ҳам учраб турибди. ОАВ ва ижтимоий тармоқда бу йўналишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, шошма-шошарликлар ҳақида тез-тез кўзга ташланаётган турли хил баҳс-мунозаралар ҳам шундан далолат беради.

Шу боис биз ҳам умумий вазият ҳақида хулоса беришдан тийилган ҳолда, ўз касбий фаолиятимиздан келиб чиқиб, пандемия даврида қонун устуворлигига риоя қилиниши хусусида озгина мулоҳаза юритмоқчимиз. Зеро, пандемия ҳамда у туфайли эълон қилинган карантин даври ҳали тугаганича йўқ.

Демак, амалиётда учраётган муаммоларни баратараф қилишга эришилса фойдадан холи бўлмайди.

Аввало эътибор қаратишимиз керакки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 3-моддасида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади”, деб белгиланган. Қолаверса, одил судлов деганда, одатда, суд идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура тизимининг уйғун фаолият юритиши орқали инсон ҳуқуқларига доир адолатли қарорлар чиқарилишини тушунамиз. Лекин масалага сал эътибор билан ёндашсак, бугун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган ҳар қандай қонун ва қоидаларни амалиётга татбиқ этувчи, маъмурий тартибда жазо чораларини қўлловчи идоралар томонидан ҳам судлов жараёни амалга оширилаётганлигини кўришимиз мумкин.

Жумладан, Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 257-моддасида давлат санитария назорати органлари ( ДСНО) томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган ўндан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари тоифаси белгиланган бўлиб, хусусан, унинг 53-моддаси (Санитария қонун ҳужжатларини бузиш) ва 54-моддасида (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) кўрсатилган ишлар ҳам мазкур органларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади ва бу ишлар, табиийки, ҳуқуқбузарларга чора кўриш билан боғлиқ судловдир. 297-моддада эса маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқишда шу ҳуқуқбузарликни содир этган шахсни ушлаб туриш пайтидан бошлаб адвокат қатнашиши мумкинлиги белгиланган.

Шундай экан, карантин давридаги амалиётдан келиб чиқиб савол туғилади: агар шахс ушлаб турилмаган, масалан, кўчада ниқобсиз юрган пайтда милиция ва миллий гвардия ходимлари томонидан тўхтатилиб, баённома тузилиб, ниқобсиз юрганлиги ҳақида тушунтириш хати ёздириб олиниб, тўпланган материаллар ДСНОга юборилган бўлса-чи, мазкур ишда ҳам адвокат қатнашиши лозимми ёки йўқми? Зеро, сўнгги икки ойдан ошиқроқ вақт ичида ўн минглаб одамлар карантин қоидаларини бузганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, бир қанча мансабдор шахслар эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жаримага тортилганлиги статистик ҳисоботларда қайд этилмоқда. Аммо, юқорида айтилганидек, бирон бир адвокатдан ҳали бу тоифадаги ишларда қатнашгани ҳақида эшитмадик. Қолаверса, умуман олганда ҳам, карантин қоидаларини бузган шахсларга жарима жазосини қўллаш ваколатига эга бўлган ДСНО мансабдор шахслари айнан қайси мезонлардан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузар шахсларга жарима тайинламоқдалар?

Демократик жамият сифатида тан олинишини истаган давлатда ҳар қандай ҳолатда, ҳатто фавқулодда вазиятлар юзага келган пайтда (хусусан, пандемия шароитида) ҳам, инсон ҳуқуқларига олий қадрият сифатида қаралиши ва унинг ҳимоя қилинишига шарт-шароит яратиб берилиши лозим. Яъни давлат ўз фуқаросига нисбатан карантин қоидасини бузгани учун катта миқдорда жарима тайинлаш жараёнининг очиқ ва шаффоф ҳолатда, адолат тамойиллари асосида амалга оширилишидан манфаатдор бўлиши, лозим ҳолларда эса ҳуқуқбузарга малакали юридик ёрдам олиш имкониятини яратиб бериши лозим.

Мустақил Ўзбекистон давлати бунёд бўлганидан бери жамият аъзолари пандемия деган балога илк бор дуч келиб турибди. Шу сабабли карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан жазо чоралари бирмунча қаттиқ бўлганлигини тушуниш мумкиндир ва айнан шундай қатъий чоралар туфайли ҳам қисқа муддатда ижобий натижаларга эришилгандир эҳтимол. Лекин, шунга қарамасдан, барибир, бу жараён “ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнади” қабилида бўлмаслиги, айниқса, инсон ҳуқуқлари ҳимояси иккинчи даражага тушиб қолмаслиги, жумладан, адвокатларнинг касбий вазифасини бажариш имкониятини чеклаб қўйиш йўли билан бўлмаслиги лозим (Ваҳоланки, Адвокатлар палатаси томонидан адвокатларнинг касбий вазифасини бажариш учун шахсий автотранспортида эркин ҳаракат қилишларига рухсат берилишини сўраб Республика Махсус комиссиясига йўлланган бир неча мурожаат қаноатлантирилмади).

Кези келганда карантин даврида ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларининг иш фаолиятига ҳам холис баҳо беришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Зеро, Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш учун улар кечаю кундуз ҳаракат қилдилар. Ҳатто ўз оила аъзолари ва болаларини кўриш учун бир неча кунлаб вақт топа олмаганлар ҳам кўп бўлгани табиий. Лекин, минг афсуски, улар орасида зиммаларига тушган бу оғир юкни рўкач қилган (ёки асабийлашган) ҳолда оддий халқ вакилларига нисбатан қўпол муносабатда бўлганлари, зарурат бўлмаган вазиятларда ҳам асоссиз куч ишлатиб, фуқароларнинг, халқнинг норозилигига сабаб бўлганлари ҳам учраб турибдики, оқибатда шахсан мамлакатимиз президенти уларни хушмуомала бўлиш, халқни ҳурмат қилиш, берилган ваколатни суиистеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантиришга мажбур бўлди.

Бундай ҳолатларнинг айримларига эса шахсан гувоҳи бўлганини айтган муаллиф айрим мисоллар келтиради

Унга кўра, карантин қоидаларини бузганликда айбланаётган шахс ўзини ҳимоя қилиш учун адвокат олмоқчи эканлигини ИИБ ходимларига билдирганида улардан бири фуқарога қарата: “Нима, ортиқча беш юз минг сўм пулинг борми, адвокат олиб нима қиласан, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, ундан кўра шу пулни оилангнинг эҳтиёжи учун ишлатгин”, дейди тап тортмасдан (унинг бу гапларини фуқаро телефонига ёзиб олган).

Ҳозирги кунда бу ҳолат ИИВ томонидан ўрганилмоқда.

Ёки қурилишга буюртмачи бўлган фуқаро қурилиши давом этаётган иншоот олдида ниқобсиз (лекин ниқоб чўнтагида бўлган ва ҳатто кўриниб ҳам турган) ҳолатда қурувчиларга дарахтларни буташ ҳақида буйруқ бераётганида милиция ва Миллий гвардия ходимлари куч ишлатган ҳолда унинг қўлини қайириб, хизмат машинасига юклайди ва Тошкент шаҳар Миробод туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБга олиб бориб, рўйхатдан ўтказиб, анфас ва профил кўринишида суратга тушириб, мажбурий равишда бармоқ изларини олади.

Бошқа бир ҳолатда эса суд карантин қоидаларини бузган фуқарога 5 сутка қамоқ жазоси беради. Бундан ИИБ мутасаддилари норози бўлишади, яъни унга тайинланган жазони қилмишига нисбатан енгил деб ҳисоблаб, юқори судга мурожаат қилишади. Ва кассация суди жазони кучайтириб, фуқаронинг қамоқ муддатига яна 10 сутка қўшиб беради.

Мисол тариқасида баён қилинган ушбу ҳолатлар ва ушбу мақсадда тадқиқ қилинган бошқа кўплаб ҳолатлардан кўринадики, мутасадди ташкилотларнинг айрим ходимлари баъзан “саллани олиб кел деса, каллани олиб келадиган”лар сингари иш тутишмоқда. Ваҳоланки, бу ишлар амалдаги қонун талабларида белгиланган инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига зиддир. Жумладан, карантин қоидасини бузишда айбланган фуқарога ҳам қонун доирасида муоамала қилиниши шарт. Қолаверса, юқорида ҳам таъкидлаганимиздек, ДСНО мансабдор шахслари томонидан ниқобсиз юриш, автомашинадан махсус рухсатномасиз фойдаланиш ва бошқа ҳолатлар бўйича юборилган материаллар юзасидан ёппасига ва бирваракайига жаримага тортиш ҳақида қарор расмийлаштирилиши ҳам қонун талабларига тўғри келмайди. Ахир барча фуқарога катта жарима солиб давлат бюджетини тўлдириш бўйича буюртма олганлари йўқ-ку?!

Пандемия бир кун келиб барҳам топади, карантин чоралари бутунлай бекор бўлади, жамият ҳаёти ҳам ўз изига тушади. Аммо шароит баҳонасида инсон ҳуқуқлари бузилишига ўрганган айрим ҳуқуқ-тартибот ходимларини қайта тарбиялаш, ҳуқуқи бир марта бузилган фуқароларни эса одил судловга ишонтириш осон кечмаслиги аниқ.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, муаллиф хулоса қиладики, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга қаратилган ҳар қандай қатъий чора-тадбирларни қабул қилишда ва амалиётга татбиқ этишда одил судлов учун инсон омили бирламчи, унинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш эса асосий вазифаси бўлиб қолиши шарт. Шундай экан, шахс ҳуқуқларини чеклаш ёки шахсга нисбатан ҳар қандай таъсир чораларини қўллаш масалалари, бизнингча, фақатгина судлар ваколатига тегишли бўлиши лозим. Зеро, бусиз ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қураяпмиз дея баралла айта олмаймиз ҳам.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг