Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳолатга қарши маърифат билан, коррупцияга-чи?

Жаҳолатга қарши маърифат билан, коррупцияга-чи?

Шов-шув тўлқинга ўхшайди-а? Қанчалар тез кўтариласа, шунчалар тез пастлайди. Бир неча лаҳзали шу кўтарилиш ё қирғоқни ювади, ёки кемаларни ғарқ қилади. Шов-шув ҳам шундай: биттаси тезда ўрнини бошқасига бўшатиб берса-да, аввалгисининг қуввати ҳадеганда кетмайди барибир...

Охирги ойда прокуратура органлари шов-шувлар гирдобида қолиб кетгани бор гап. Аввалига Андижонда, сўнг Жиззахда тизим ходими пора билан қўлга тушди. Ҳар икки ҳолат шов-шуви ҳали совумай туриб, марказий маҳкама масъул ходими ушланди...

Эътиборлиси, бундай оғриқли ҳолатлар ҳақида оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб бонг урмади. Аксинча, Бош прокуратура матбуот хизматининг ўзи оммага ошкор қилдики, бу билан турли башоратлар урчиши олди олинди. Шунингдек, қўлга тушган бахти қароларни гўёки «тизимга адашиб кириб қолгани», «бундайларга сафимизда ўрин!» қабилида баландпарвоз гаплар айтилмади, маҳкаманинг рўй-рост ва таассуф оҳангидаги баёнотларидан «қонун барчага баробар» деган маънони илғаш мумкин, холос.

Айни манзара тизимда очиқлик ва шаффофлик дўппи тор келгандагина намоён бўлишини англатмайди. Инсоф юзасидан айтиш керак: прокуратура органларидаги очиқлик нечоғли эканига кенг жамоатчилик гувоҳ. Иккинчидан, шов-шувлар урчиган пайтдан кутилмаган «юриш» қилиндики, бу тизимда очиқликни яна бир карра кўрсатиши баробарида (шов-шувларнинг) навбатдаги тўлқинни келтириб чиқарди: Бош прокуратура кенг жамоатчиликка мурожаат билан чиқди!

Мурожаатки, унда вазият хаспўшлангани йўқ, журналист ва блогерлар «ҳолатларни бўрттириш»да айбланиб, бу билан жамоатчилик чалғитилаётгани иддао этилмади. Аксинча, айтилдики, коррупция – бало экани аниқ, минг таассуф, бизнинг тизим ҳам бундан мустасно эмас, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганки бор – келинг, бирлашайлик,  бирон-бир прокуратура ходимининг коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги)ни кузатсангиз, сезсангиз, хабар беринг, мана, Бош прокуратура нақ Шахсий хавфсизлик бошқармасининг «Ишонч телефони» (71) 202-08-28, бир оғиз айтсангиз – у ёғини ўзимиз эплаб ташлаймиз...

Бугун «Ишонч телефон»ларидан кўпи йўқ. «Ишонч» нисбати берилган айрим телефонларга ишонч сўниб, хафсалар пир бўлаётгани ҳам сир эмас. Шу маънода, Бош прокуратура мурожаати, унга илова қилинган «Ишонч телефони»га кўплар ишончсизлик билан қараган бўлиши мумкин. Аммо шубҳалар икки куннинг ўзида тарқалди. Бугун, ҳали аввалги шов-шувларнинг тарқаб улгурмай, Бош прокуратуранинг яна бир масъул ходими ҳибс этилганига оид хабар тарқалди.  Мазкур хабарниям марказий маҳкама матбуот хизмати ўзи жамоатчиликк маълум қилди. Эътиборлиси, хабарда  масъул ходим, унга қўшиб яқин қариндошининг коррупцион жинояти айни «Ишонч телефони»га қилинган мурожаат натижасида фош этилгани таъкид этилади.

Ҳеч нимани жамоатчиликдан яшириб бўлмаганидек, ҳар қандай иллатга кенг жамоатчилик иштирокисиз самарали курашиб бўлмайди. Шу оддийгина ҳақиқатни Бош прокуратура бир зарб билан  исботлади-қўйди.

Тўғрисиям шу: ғояга қарши – ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашилади. Коррупция ҳам жаҳолат аслида. Бироқ унга қарши «амри-маъруф» билангина курашиб бўлмаслигини ҳаёт неча карра исботлади? Етар?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг