Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИВ ходими фойдасига ишлаган қонун ОАВ вакилига келганда кучини йўқотадими?

ИИВ ходими фойдасига ишлаган қонун ОАВ вакилига келганда кучини йўқотадими?

Кеча пора олганликда айбланиб, саккиз йилга қамалган ИИБ ходими оқлангани хабари берилди. Суд оқлов ҳукмини судланувчининг ўз айбига иқрорлигидан бошқа далил йўқлиги билан асослади. Яъниким, судланувчи қилмишига иқрор бўлсин-бўлмасин, айблов объектив далиллар билан исботланмас экан, шахсни жавобгарликка тортиб бўлмайди.

Айни хабар тўрт кун бурун 15 суткага «кесилиб», жазо қисқартирилиши натижасида икки суткада маъмурий қамоқдан озод этилган фарғоналик журналист Усмонжон Қодировнинг «иши»ни ёдга солади.  Ёш журналистнинг «иши»да ҳам иқрорликдан бўлак далилнинг ўзи йўқ. Бироқ фарғоналик судьялар самарқандлик ҳамкасбларидан фарқли равишда Усмонжон Қодировни оқлашмади. Ваҳоланки, журналист оқланган ИИБ ходимидек оғир жиноятда эмас, маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланганди.

Биласиз, жиноят билан маъмурий ҳуқуқбузарликни тарозининг икки палласига қўйиб бўлмайди: жиноят — оғирроқ айблов (аммо унутмаслик керак, маъмурий ҳуқуқбузарлик билан жиноят орасида бир қадам: дейлик, У.Қодиров каби гўёки ИИБ ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, камига уни ҳақоратлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс бир йил ичида яна шундай қилмиш содир этса, шунда у жиноий жавобгарликка тортилади)!

Тўғри, оқланган собиқ ИИБ ходими «иқрорлик аризаси»ни тергов пайтидаги руҳий-жисмоний тазйиқлар сабаб ёзишга мажбур бўлганини билдирган. Бироқ уни оқлаган суд тергов пайтида унга азоб берган валломатларга жиноят иши қўзғатиш ҳақида хусусий ажрим чиқармаган кўринади. Бу  эса «иқрорнома» қандай ёзилгани масаласида суд кўпам «чуқур кетмагани», шугинадан бошқа далил йўқлигининг ўзи оқловга етиб ортиши билан кифоялангани англашилади.

Фарғоналик журналист ҳам айбига иқрор бўлиб, ҳатто кечирим сўрагани воқеага оид хабарларда, шунингдек, суд ҳужжатларида алоҳида қайд этилади. Унинг иқрори самимий ё мажбурий экани хусусида бир нима дейиш қийин, албатта. Аммо фарғоналик журналист (вилоят ҳокими матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовнинг шогирдларидан) Севара Алижонованинг «Усмонжон Қодиров иши» бўйича ёзган мақоласида кун қаҳрамонига айланган ҳамкасбимиз ғалати гап айтади. Яъниким, ундан «иқрорнома»ни ихтиёрий ёки тазйиқ остида ёзган-ёзмагани сўралганда у : «...Бунга («иқрорномага» – таҳр.) имзо қўйганман, холос. Ихтиёрий. Агар шундай қилмасам, яна бошқа айбловлар ҳам қўйишарди», дея жавоб берди?!  Кўринадики, ёш журналист тайёр ёзилган матнга «имзо қўйган холос», «ихтиёрий» гўё, чунки «...агар шундай қилмаса...», «...яна бошқа айбловлар ҳам қўйишар» экан?!

Бу тазйиқ бўлмай, нима?!

Дарвоқе, Севара Алижонова мақола тайёрлаш жараёнида Муҳаммаджон Обидов билан ҳам суҳбатлашади. Устоз-шогирд мулоқотида  М.Обидов ёш салафининг қамалишига алоқаси йўқлиги, бу борада урчиган гаплардан дили оғриганини, аксинча, У Қодировга оид маъмурий ишни вилоят судида кўрилиши ташаббускор бўлганини билдириб,   виждони олдида пок эканини урғулайди.

Майли, ким нима қилган бўлса, ажрини Худо берсин. 

Ҳозир Усмонжон Қодировнинг «иши» тафтиш қилинаётгани йўқ.

Гап ИИБ ва журналистга боғлиқ бир ҳолатда судлар иккита хил қарор чиқарганида?! Худдики, ички ишлар ходими фойдасига ишлаган қонун оммавий ахборот воситаси вакилига келганда кучини йўқотаётгандай.  Ҳолат эса кўриб турибсиз: порахўрликда айбланган ИИБ ходими оқланяпти (қандини урсин!) —  айбига иқрор эканидан бошқа далил йўқ, деб. ОАВ ходими эса жазо оляпти: иқроридан бошқа далил бўлмасаям!

Нима, қонунниям мазҳаби борми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг