Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Даъвогар доимо ҳақми?

Даъвогар доимо ҳақми?

Одатда, судга келган икки тараф ҳам ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Бундай ҳолатда суд қароридан тарафларнинг бири — рози, иккинчиси норози бўлиши турган гап.

Одамларни рози қилиш, уларнинг судга бўлган ишончини таъминлаш учун эса, суд қарори қонуний, асосли ва адолатли бўлиши керак. Бундан ташқари судья ўзи қабул қилган қарорни тарафларга батафсил ва асосли тарзда тушунтириб бериши шарт.

Айтиш керакки, ер муносабатлари халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Қонунчилигимизда ҳам бу масала алоҳида ўрин тутади.

Фуқаролик судларида ҳам бу мавзу етакчилик қилмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг биринчи ярмида биринчи инстанция судларига ер низоси билан боғлиқ 1 минг 186 та ариза келиб тушган. Шундан 908 та фуқаролик иши кўрилган. Ҳал қилув қарори чиқарилган 757 та фуқаролик ишидан 575 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган. 162 та фуқаролик иши бўйича даъво талаби рад этилган.

Маълумки, ер низолари кўп вақт ва харажат талаб этадиган мураккаб низолар тоифасига киради. Чунки бу тоифадаги низоларни ҳал этишда тарафлардан ташқари, ерга оид муносабатларни тартибга солишга ваколатли бўлган давлат муассасалари мутахассислари, маҳаллий ҳокимликлар, зарурият бўлганда, экспертларни жалб этилиб, низонинг тўлиқ ва ҳар тарафлама ечимини топиш чораларини кўриш талаб этилади.

Ер муносабатларига доир низолар таҳлил этилганда, қизиқ ҳолатлар учрайди. Аниқроқ айтганда, аксарият ҳолларда ерга эгалик қилувчи шахсларнинг эътиборсизлиги-ю, ер ажратишга мутасадди мансабдор шахсларнинг масъулиятсизлигига гувоҳ бўламиз.

Мисолларга мурожаат қиламиз: даъвогар Б. Толибов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига А. шаҳри, Д-аҳоли пунктидаги 64, 65-сонли ер майдонларини Б. Қобиловнинг қонунсиз эгалигидан олиб бериш ва ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни буздириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Б. Толибов вилоят давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармасининг 2001 йилдаги буйруғига кўра, ташкил этилган ким¬ошди савдосида қатнашиб, 63, 64, 65-сонли ер майдонларини сотиб олган. Шундан сўнг унга шаҳар ҳокимлигининг давлат ордерлари расмийлаштирилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шунингдек, жавобгар Б. Қобилов ҳам кимошди савдоси натижалари бўйича 3, 4, 5-сонли ер майдонларини сотиб олгани ҳақида тегишли ҳужжатлар тақдим этган. Унга ҳам шаҳар ҳокимининг давлат ордерлари расмийлаштирилиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ер кодексининг 24, 31-моддаларига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг чизмалари ва тавсифлари тузилиб, унга (ер участкаларига) бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Берилган ер участкаси тегишли ер тузиш хизмати томонидан жойнинг ўзида белгилангунича ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар берилгунига қадар ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади.

Аниқланишича, ҳар иккала тарафга қонунда назарда тутилган тартибда ер участкаси ажратиб берилмаган ва ер участкасини идентификация қилиш имкониятини берадиган ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан қолган.

Бундан ташқари даъвогар Б. Толибов ер участкасига бўлган ҳуқуқи бузилганлиги ҳақида 15 йилдан сўнг судга мурожаат қилмоқда.

Бундан ҳам қизиғи, тарафлар эгаллаб келган ер участкалари на даъвогар Б. Толибовнинг ва на жавобгар Б. Қобилов ҳужжатларида кўрсатилган ер участкаларига мос келади.

Ажабланарли тарафи шун¬даки, ҳужжатларни расмийлаштиришга масъул бўлган ер тузиш хизмати мутасаддилари кимошди савдосида олинган ер участкасини жойида ўлчаб бермаган. Ер участкасининг чизма ва тавсифларини тўлиқ расмийлаштирмаган.

Даъвогар Б. Толибов ҳам шунча вақт давомида сотиб олган ер майдонининг ҳужжатларини расмийлаштиришни хаёлига келтирмаган.

Бу низо охир-оқибат Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилди.
Даъвогар Б. Толибовнинг даъво талаби рад этилди.

Ҳа, судга мурожаат қилган даъвогар ҳар доим ҳам ҳақ бўлавермайди.

Яна бир мисол: Б. Нурхонова жавобгар А. Шарипов ва К. Шариповни 0,10 гектар ер майдонидан чиқариш ва ер майдонини олиб бериш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

Аниқланишича, туман ҳокимининг 2014 йил 21 ноябрдаги қарорига кўра, туманнинг Янги ҳаёт қишлоғида 4 200 кв.метр ер майдонидаги уй-жойга Б. Нурхонованинг эгалик ҳуқуқи белгиланган ва мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Туман ҳокимининг 2017 йил 8 апрелдаги қарорига кўра, фуқаро А. Шариповга ҳокимлик захирасида турган 0,50 гектар ҳайдаладиган лалми ер майдони уй-жой қурмаслик шарти билан деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланиш учун берилган. Жавобгар А. Шариповнинг ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ишдаги ҳужжатлар синчиклаб ўрганилганда, ким ҳақу ким ноҳақлиги аён бўлди. Жумладан, ишга мутахассислар жалб этилиб, А. Шариповга тегишли бўлган ер майдонини Б. Нурхонова асоссиз равишда талаб қилаётгани аниқланди.

Аслида, Б. Нурхоновага тегишли уй-жой томорқаси 0,32 гектарни ташкил этган. У уйидан узоқ масофада жойлашган 0,10 гектар ер майдонини қўшиб олган. Бу ҳақда туман ҳокими томонидан 2014 йил 21 ноябрда қарор чиқарилган.

Бироқ ҳужжатларни расмийлаштиришда чалкашликларга йўл қўйилган.

Яъни низоли 0,10 гектар ер майдони туман ҳокимининг 2017 йил 8 апрелдаги қарорига асосан А. Шариповга тегишли бўлган.

Б. Нурхонованинг уй-жойга мулк ҳуқуқига оид ҳужжатларида ер участкасининг чегаралари аниқ белгилаб қў¬йилмаган. Бунинг устига ер майдони топономик тасвирга олинганда у 1,07 гектар ортиқча ер майдонидан фойдаланиб тургани аниқланади.

Шу боис жавобгар А. Шарипов эгалигида бўлган ер участкасидан фойдаланиб келгани даъвогар Б. Нурхонованинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахл қилмаслиги эътироф этилиб, даъво рад этилди.

Яна бир эътибор қаратиш лозим бўлган ҳолат - биринчи инстанция ва вилоят судлари ҳам ер низоларини чуқур текшириши тақозо этилади.

Аввало, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида мурожаат қилган фуқароларнинг низо предметига ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган тартибда вужудга келган ёки келмаганини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириш чораларини кўриш лозим.

Чунки ер муносабатларида юзага келадиган низоларни бартараф этишда судда низоларни қонуний ҳал этишнинг ўзи етарли бўлмайди.

Юртдошларимизга ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини тўғри расмийлаштириш юзасидан тарғибот ишларини йўлга қўйиш зарур.

Соҳа мутахассисларининг камчиликлари юзасидан ваколатли органларга уларни бартараф этиш юзасидан қатъий чоралар қўрилишини таъминлаш учун муносабат билдириш керак. Зеро, ҳу-қуқбузарликларнинг олди олиниши низолар келиб чиқмаслигига хизмат қилади.


Наврўз Раҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг