Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмлик 33 ёшли аёл турмуш ўртоғига буйрагини берди

Хоразмлик 33 ёшли аёл турмуш ўртоғига буйрагини берди

Фото: ССВ

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг малакали мутахассислари томонидан марказнинг вилоят филиалида хоразмлик шифокорлар билан биргаликда буйрак трансплантацияси амалиётини муваффақиятли ўтказишди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

— Марказимиз томонидан қисқа вақт ичида 137 марта ўтказилаётган бундай ноёб амалиёт илк бор вилоятда бажарилиши тарихий аҳамиятга эга, — дейди марказ бош директори Даврон Туляганов. —  Мақсадимиз чекка ҳудудлар аҳолисини ортиқча оворагарчиликларсиз яшаш жойини ўзида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир. Очиғи, олдинлари вилоятларда ҳам одам аъзоларини кўчириб ўтказишдек мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, дейилса ишониш қийин эди. Бугун ана шу кўп йиллик орзу ҳақиқатга айланди.

Тиббиёт фанлари доктори Фарҳод Хаджибаев раҳбарлик қилган амалиёт жараёнлари қарийиб беш соат давом этди. Боғот туманилик 33 яшар Юлдуз Рўзметова ўз турмуш ўртоғи 36 яшар Мардон Полвоновга бир буйрагини берди. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши.

— Турмуш ўртоғим бир йилдан буён гемодиализ муолажаси олиб келади. Туманимиз вилоят марказига узоқлиги бизга анча ноқулайлик туғдирарди. Ҳатто хорижга бориб даволатишга ҳам рози эдик. Дунёда фалон пул турадиган амалиёт вилоятимизнинг ўзида бепул амалга оширилганидан хурсандмиз, — дейди Юлдуз. — Насиб қилса, икки фарзандимизни ҳам зиёли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаймиз. Орзуим ўз турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан бахтли яшашдир.

Шу кунларда мазкур филиалда иккинчи ноёб амалиётга тайёргарлик кўрилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг