Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқанддаги йирик ЙТҲ юзасидан расмий маълумот берилди

Самарқанддаги йирик ЙТҲ юзасидан расмий маълумот берилди

Фото: «Zarnews»

«Самарқанд – Қарши» йўлининг Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида ўнлаб автомобилларнинг тўқнашуви содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.  

Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизматига таяниб «Дарё»нинг маълум қилишича, воқеа 13 январь, душанба куни соат 13:20 атрофида Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 19-километрида содир бўлган.

Воқеа жойига ЙПХ инспекторлари етиб борганда ЙТҲга учраган фақат икки машина қолганлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, «Қарши—Самарқанд» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида яшовчи 29 ёшли ҳайдовчи С.П. бошқарувидаги Mercedes-Benz юк машинасининг ярим тиркамасини орқа қисмига Қашқадарё вилояти Қамаши туманида яшовчи, 29 ёшли ҳайдовчи Б.Э. бошқарувидаги Nexia-2 автомашинаси олд қисмига урилган.

Оқибатда Nexia-2 ҳайдовчиси ва унинг йўловчилари — 63 ёшли аёл Н.Ҳ., 37 ёшли эркак Қ.Б. ва 15 ёшли қиз Р.Ч. тан жароҳатлари олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига мурожаат қилган.

Ҳайдовчи «ўнг билак соҳасининг синиши» ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Йўловчи Н.Ҳ. «кўкрак қафаси ёпиқ шикастланиши, кўплаб қовурға суякларининг синиши» ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Қолган йўловчилар — Қ.Б. ва Р.Ч.га «баданининг турли соҳалари юмшоқ тўқималари лат ейиши ва шилинмалар» ташхиси қўйилиб, уйига жавоб берилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиб вафот этган шахслар аниқланмаган.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Нуробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг