Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нукусдаги бинода газ портлаши оқибатлари: бир кишининг жасади топилди, 5 ёшли қизалоқ қутқарилди

Нукусдаги бинода газ портлаши оқибатлари: бир кишининг жасади топилди, 5 ёшли қизалоқ қутқарилди

Фото: ФВВ

Кеча, 29 январ куни соат тахминан 16:15 ларда Нукус шаҳрининг «Темир йўл» маҳалласи 22-кичик туманида жойлашган 8/1-уйнинг 4-қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши туфайли портлаш содир бўлгани ҳақида ФВВ хабар берганди.

Оқибатда уйдаги бир нечта хонадонларнинг том ва пол қисмлари ўпирилиб, 4-қаватдан 1-қаватгача тушиб кетган.

Ҳодиса оқибатида 2 киши: куйиш жароҳати олган С.Ш. (2003 й.т.) ва З.А. (2004 й.т.) зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиалига ётқизилган эди.

ФВВ бугун қўшимча маълумотларни тақдим этди.

Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ФВВ қутқарувчилари ва тегишли идоралар ходимлари қидирув-қутқарув ва бинонинг қулаган конструкцияларини тозалаш ишларини амалга оширмоқда.

Вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ турли даражадаги жароҳатлар билан қутқарувчилар томонидан чиқариб олиниб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Бино конструкциялари орасидан қидирув-қутқарув ишлари олиб бориш жараёнида бир кишининг жасади топилган.

Айни вақтда бинонинг конструкцияларини тозалаш ишлари давом эттирилмоқда. Воқеа юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг