Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кези келса, ИИБ ходими ҳам жавобгарликка тортилади

Кези келса, ИИБ ходими ҳам жавобгарликка тортилади

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ички ишлар ходими йўл ҳаракат қоидасини бузганда (хизмат вазифасини ўташ каби зарур ҳолат бўлмаганда), бунга Тошкент шаҳар ИИББ қандай қараши қизиқтирмоқда. Шарҳларда бундай ҳолларда бепарволик қилиниши ҳақидаги нотўғри фикрлар учрамоқда, дейилади пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабарида.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушбу масалада қатъийдир: қонун олдида ҳамма тенг, йўлда хатоликка йўл қўйилдими, унинг ортидан маъмурий жавобгарликка (баъзида интизомий жавобгарликка) тайёр бўлиш керак. Шунингдек, ИИОдаги хизмат инсондан алоҳида масъулиятни талаб қилади, чунки у атрофдагиларга ибрат бўлиши керак. Аммо реал ҳаёт идеалдан фарқ қилади: ходим ҳам оддий инсон каби, ўзининг феълидан ва ҳаётидаги ҳолатлардан келиб чиқиб белгиланган қоидани бузиши мумкин. Бундай ҳолда ЙПХ инспекторининг баённомаси ва кейиналик ушбу ҳолат бўйича текширув олиб борилади, дейилади хабарда.

Масалан, 31 октябрь куни соат 15.42 да Нодир Темиров исмли фойдаланувчи «Водители Ташкента (DRIVERS.UZ)» гуруҳида хабар қолдирди: видеорегистраторда қайд қилинишича, шу куни эрталаб хизмат давлат рақамига эга «Нексия-3» русумли автомобиль Чоштепа кўчасидан ҳаракатланиб, оқимдаги транспорт воситаларига халал берган. 

Ушбу ҳаракат билан Йўл ҳаракати қоидаларининг 53-банди, яъни «Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлаш, йўналишни ўзгартириш (қайта тизилиш, бурилиш, қайрилиб олиш, қувиб ўтиш ва айланиб ўтиш) ва тўхташдан олдин бажарилаётган манёвр хавфсиз эканлигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши керак» қоидаси бузилган. Ушбу маълумот бир нечта блогерлар ва ОАВлар томонидан ҳам эълон қилинди.

Ушбу факт бўйича маълум қилинишича, «Нексия-3» русумли автомобиль (давлат рақами 01 067 VSC) Шайхонтохур тумани ички ишлар бўлимига бириктирилган. Бундай ҳаракатланишга сабаб (мисол учун, зарур чақирув, ҳуқуқбузарлик ва ҳоказо) бўлмаганлиги аниқланди. Автомобилни бошқарган ходимга нисбатан кейинги кун соат 07:50 да Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддасига  мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённома расмийлаштирилган. Унга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши, – энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчи билан йўлларда хатога йўл қўйиш мумкин эмаслиги ҳақида профилактик суҳбат ўтказилган.

Қайд этилишича, худди шу каби чоралар ИИБ ходимлари билан боғлиқ бошқа ҳолатларга нисбатан ҳам қўлланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг