Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғона вилоятидаги қишлоққа йиртқич ҳужум қилмоқда

Фарғона вилоятидаги қишлоққа йиртқич ҳужум қилмоқда

Фото: «Kun.uz»

Фарғона вилоятининг Фурқат тумани марказидан 25 км узоқликда жойлашган Боғибўстон қишлоғида  аҳоли чорвалари номаълум йиртқич ҳайвон ҳужумига учраб, нобуд бўлаётгани маълум қилинди.

Маҳалла фаоли Камолиддин Матхолиқовнинг «Kun.uz» мухбирига айтишича, қишлоқда 160 та хўжалик бор. Аҳоли сони 900 нафардан ортиқроқни ташкил этади. Уларнинг моллари, эшаклари, қўйлари, умуман, нима уй ҳайвони бўлса ҳам, қанақадир йиртқич еб кетяпти.

Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, бундай воқеа қишлоқда 4 йилдан буён кузатилади. Авваллари онда-сонда кузатилиб турган бундай ҳолат, бугунги кунга келиб, одатий ҳолга айланган. Аҳоли чорваларига ҳужум қилаётган номаълум йиртқич бўри бўлсак керак, деган гумонда.

«Қоронғи тушди дегунча одамлар ҳам кўчага чиқишга қўрқиб қолишди. Ёш болалар, аёллар ташқарига чиқишга мутлақо безиллаб қолган. Ўзимиз ҳам хавотирда яшаяпмиз. Бугун чорваларимизга ҳужум қилган номаълум йиртқич эртага ўзимизга ҳам ҳужум қилиб қолса, нима қиламиз?» — дейди Камолиддин Матхолиқов.

«Иккита бузоғимни ғажиб кетди. Бор-йўғим шу бузоқларим эди. Қишлоқда сув йўқ. Деҳқончиликларимиз ҳам унчалик яхши бўлмаяпти. Тирикчилигимиз асосан шу чорва кетидан эди. Энди яна иккита бузоқ қилгунча икки йил вақт кутишим керак. Зиёнга кирдик. Масалага ечим йўқ», — дейди шу қишлоқда яшовчи З.Йўлдошева.

Аҳоли вакиллари ушбу масалага ечим излаб, бир нечта давлат идораларига мурожаат қилган.

Боғибўстондан бир оз олисда жойлашган Қолгандарё ҳудудидаги қўйчилик фермасига ҳам номаълум ҳайвон катта талафот етказган. 50 бошдан ошиқ қўйларни бўғизлаб ўлдириб ёки чалажон қилгани кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда қўй ва эчкиларни бўғизлаб кетаётган номаълум ҳайвон ўлдирилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг