Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Яшасин Сурхондарёнинг қонунбузар ҳокими, прокурори, ИИБси ва суди!» — депутат холис текширув талаб қилмоқда

«Яшасин Сурхондарёнинг қонунбузар ҳокими, прокурори, ИИБси ва суди!» — депутат холис текширув талаб қилмоқда

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев товламачиликда айбланаётган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши бўйича холис текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

Депутат ўзининг аввалги постида Сурхондарёда ҳокимларни танқид қилиб келган блогер Отабек Сатторийнинг бозорда видеога олаётган пайтда маъмуриятдагилар томонидан телефони синдирилган ва шу телефони учун янгисини олаётганда унга товламачилик айби илингани ҳақида хабар қолдирганди.

«Блогер, фаол фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан эҳтиёт чораси қўллаш мақсадидаги суд мажлиси ЁПИҚ ўтказилган ва ҳеч бир иккиланишсиз жамоатчилик фаолига нисбатан суд томонидан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Яшасин Сурхондарёнинг қонунбузар ҳокими, прокурори, ИИБси ва суди! Бу дунё қайтар дунё...

Бош прокуратурадан сунъий уюштирилаётган жиноят ишининг барча иштирокчиларига нисбатан очиқ ошкора, жамоатчиликни хабардор қилган ҳолда холис текширув ўтказилишини талаб қиламиз!» — деб ёзади Расул Кушербаев.

Мазкур воқеага блогерлар ҳам кескин муносабатни билдиришмоқда.

«Прокуратура, ИИВ нега жим? Улар қонунлар бўйича иш юритишадими? Ёки ҳокимлар буйруқлари бўйичами?

Бош прокуратура ва ИИВдан расмий изоҳ кутамиз. Агар қўрқмай, юрак ютиб ҳақиқатни гапиролмасанглар, эплолмаган ишингларда нега ишлайсизлар?!» – деб ёзади ҳуқуқшунос ва блогер Баҳодир Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Отабек Сатторий ўзининг уйи олдида махсус кимёвий ишлов берилган бир дона телефон аппаратини олган вақтида ИИБ ходимлари томонидан товламачиликда айбланиб ушлангани ҳақида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг