Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода қоровул орқали пора олишга уринган масъул ходим ушланди

Бухорода қоровул орқали пора олишга уринган масъул ходим ушланди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти Когон туманидаги мактаб-интернатга ишга жойлаштириб қўйиш эвазига порани қоровул орқали олган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 15 октябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ўзининг ишга кириши учун пора беришга далолат қилинаётгани ҳақида ариза келиб тушган. Аризага кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ томонидан ҳамкорликда тадбир ўтказилган.

Маълум бўлишича, Когон туманида янги ташкил этилган айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган 3-сонли мактаб-интернатнинг масъул ходимларидан бири фуқаро Раҳим Саидовни (исми ўзгартирилган) ваколатли танишлари орқали ишга жойлаштириб қўйишга ишонтирган. «Хизмати» эвазига ундан 200 доллар беришини талаб қилган. Масъул ходим фуқарога бу пулларни мактаб-интернати қоровулига қолдиришини билдирган. У кимёвий ишлов берилган 200 долларни қоровул орқали олаётган вақтда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ҳ.М. га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси, 1-қисми ва 211-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг