Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Битта далда илинжи

Битта далда илинжи

Фото: Президент матбуот хизмати

Қишлоғимизга сел келгани эсимда. Жуда кўп уйлар талафот кўрганди ўшанда. Лойли сув уйлар ичкарисигача кириб борган, ошхонаю ертўлалар тўлганди. Ҳамма экин-тикиндан бутунлай айрилганди. Лекин ўшанда ҳеч бўлмаса вилоят ёки туман каттаконларидан кимдир келиб жабрдийдаларга ёрдам бергани ёки офатни бартараф этиш жараёнининг тепасида турганини билмайман...

Сардобадаги фалокатни бартараф этишга, олдинроқ эса Бухорода юз берган тўфон жабрланувчиларининг ҳузурига зудлик билан шахсан президент Шавкат Мирзиёвнинг ўзи етиб боргани бежиз эмас. Ўша ердаги инсонлар – ўз уйини, қадрдон гўшасини ташлаб чиқишга мажбур бўлган жавдираган қора кўзларда чексиз саволлар зуҳур этганди: «Энди аҳволимиз нима нима бўлади? Энди қандай яшаймиз? Болаларимизнинг тақдири-чи?..»

Президент ўзининг ташрифи, вайрона бўлган уйларгача кириб бориши билан ана шу кўзларда умид учқунини ёқди. Жабрланган инсонларнинг ҳар бири ёнида мамлакат раҳбарининг ўзи турганлигини, ҳеч қачон эътиборсиз қолмаслигини англади. Уларнинг кўнглида катта умид учқунлари порлаганига шубҳа йўқ.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мана, икки кундирки Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидан «Меҳр ва кўмак» карвони Сардоба томон тўхтовсиз келяпти. Бунинг учун кимдир буйруқ бергани ёхуд мажбурлагани йўқ. Ҳамма ўзининг қалб амри билан баҳоли қудрат кўмакка шошиляпти. Бу ҳам ўзбек халқининг минг йиллик қадриятлари ифодаси аслида.

Сув босган ҳудуднинг юқоридан олинган суратлари ҳаммани ларзага келтирди. Ўша сув остида қолган уйларни кўриб ҳаммамиз ҳам юрак-юракдан ачиндик. Энди ўша хонадонлар, оилалар тақдири, ўша одамлар ҳаёти учун масъул бўлган инсоннинг хаёлидан нималар ўтганини ўзинингиз тасаввур қилаверинг. Вертолётдан пастга тикилар экан, бу вазиятда қандай қилиб уларга умид берадиган бир сўз айтиш, қандай қилиб руҳиятини озгина бўлсада кўтариш орқали уларга далда бўлиш ҳақида ўйлаган бўлса ажаб эмас.

Мамлакат раҳбари «Уйни ҳам қуриб берамиз, молни ҳам топиб берамиз. Жонларинг соғ бўлсин!» деган гапларни шунчаки айтмади. Бу гап жабрдийда одамлар, жавдираб турган нигоҳлар учун жуда қимматли эди. Руҳлантирувчи куч бор эди бу сўзларда. Чунки халқимиз «Мол аччиғи – жон аччиғи» деб бекор айтмаган.

Бугун Сардоба аҳлининг жабр кўрган одамлари ҳаётини изга солиш, уйларни тиклаш борасида жуда кўплаб таклифлар, ташаббуслар айтилмоқда. Бир гуруҳ ёшлар кўнгилли равишда қутқарувчи бўлиб бормоқчи эканини айтган бўлса, яна бир гуруҳ кишилар вайрон бўлган уйларни тиклаш учун ҳашарга боришини астойдил билдиряпти. Энг асосийси, ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлаяпти. Бирдамлик ва аҳиллик сезилмоқда. Мана шу ҳолатни кўриб, тўғриси, шу халқ ичида эканимдан фахрландим.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Уч кун, тўрт кундан бери ҳаммамиз мана шундай безовталикка тушиб қолдик. Бошимизга катта кулфат берди.

Албатта, буни ҳали кўп-кўп таҳлилини қиламиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз гапларини айтади. Ҳамма чора-тадбирларимизни қиламиз...

...Қандай қийин бўлмасин, мана, ўзларинг кўрдиларингки, сизлар бир ўзларинг эмассизлар. То яшаган шароитларингни тўғриламагунимизча, бу ерни, сизларни ташлаб кетмаймиз...

...Сизлар тинч, мен тинчман, сизлар бор, мен борман!..»

Президентнинг мана шу сўзларидан қаттиқ таъсирландим.

...Ўшанда. Қишлоғимда уйлар вайрон бўлганда, йиғлаган аёллару чирқираган болаларни кўрганимда, одамлар зах уйларида яшашга мажбур бўлганида бола қалбимда ана шундай сўзларни кимдандир эшитишни жуда-жуда интиқиб кутгандим ўшанда.

Ҳусниддин Бердиев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг