Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқандда ўз онасини ўлдирган фарзанд 18 йилга «кесилди»

Самарқандда ўз онасини ўлдирган фарзанд 18 йилга «кесилди»

Иллюстратив фото

Жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Самарқанд вилоят судида ўз онасини қасддан ўлдирганликда айбланаётган шахсга нисбатан суд жараёни бошлангани ҳақида хабар берилганди. ЖИБ вилоят суди судьяси  Б.Алиқулов раислигида кўриб чиқилган «иш» бугун ниҳоясига етди ва судланувчи А.Б. ни 18 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарилди.

Бу маҳкумнинг (1975 йилда туғилган) биринчи марта судланиши эмас. Бундан уч йил аввал ўзгага оғир жароҳат етказиб, ўлимига сабаб бўлгани ортидан у 5,5 йилга «кесилганди». Иккинчи марта судланишида эса 18 йил муддатга панжара ортига кетди... Энг ёмони, у ҳар икки жиноятни онаси ҳақида турли гумонларга бориши оқибатида содир этган. Яъниким, уч йил бурун волидасини ҳамқишлоқ бир эркак билан «юриши»да гумон қилиб, унга (эркакка) оғир жароҳат етказиб, ажал келиши тезлашишига сабаб бўлган бўлса, бу сафар ҳам онасининг аҳлоқига шубҳа билан қарагани қўли қонга ботиши билан якунланди.

Яъни, А. Б. онаси (маҳкумнинг отаси 1987 йилда вафот этгани айтилади) ҳамон бошқалар билан «дон олишиб» юрибди, деган гумонга бориб, ўтирса ҳам, турса ҳам шу ҳақда ўйлайверади. Ёмон гумонлар натижасида салкам васвасага тушади. 2020 йил 20 июнь куни қоқ ярим тунда А. Б.  спиртли ичимликни керагидан ортиқ истеъмол қилади. «Шайтон суви» таъсирида ёмон гумонлар оловида баттар қоврулиб, ўзини йўқотар даражага тушган А. Б. шартта ошхона пичоғини олиб, онаси ухлаб ётган хонага киради. Ва... бўғзига пичоқ тортиб юборади!

Дарвоқе, суд А.Б. га аввалги ҳукм билан тайинланган жазосининг ўталмай қолган қисминиям қўшиб (илгари тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси орадан уч йил ўтгач, озодликдан чеклашга жазосига ўзгартирилган), унга узил-кесил 18 (ўн саккиз) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Шунингдек, ҳукмга нисбатан шикоят бериш ҳуқуқи ва тартиблари ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг