Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Виждон аппарати

Виждон аппарати

Фото: «Tomografa.net»

Мажлис бўлади, деб бошлиқ ҳузурига кириб келган ходимлар хона ўртасида турган ғалати ускуна ва оппоқ халат кийиб олган йигитга ажабланиб қарашарди. Кимдир бу ускунани «робот», деса, яна кимдир «кир ювадиган мошина», – деди пичирлаб. Яна биров «сўнгги поколениядаги дивиди», деди.

Ускуна ростдан ҳам антиқа: ҳар бурчагидан пружиналар чиққан, сон-саноқсиз тугмалар эгаллаган, чироқлари эса ёниб-ўчарди. Орқа томонидаги узун сими телевизорга уланган.

Барча ходимлар йиғилиб бўлгач, Вали Зокирович гап бошлади:

– Ташкилотимизнинг ҳурматли аъзолари. Биласиз, ишхонамизда ўсиш суръати тушиб кетган. Қанча чора изламайлик, натижа бўлмаяпти. Биз, барчамиз тараллабедодмиз. Бунга лоқайдлигимиз, совуққонлигимиз сабаб бўляпти, деб ўйлайман. Айниқса, ишхонамиздаги талон-тарожлик...

– Кечирасиз, Вали Зокирович, бу нима? – деб сўради Зулфия сабри етмай, ускунани кўрсатаркан.

– Буми, бу – виждон аппарати. Ходимларнинг ишга қай даражада виждонан ёндашаётганини аниқлаб беради. Анови гардиш бошга кийилади, сўнг мониторда ёзув пайдо бўлади.

Ходимлар ҳанг-манг бўлиб, сўнг ғала-ғовурни бошлаб юбордилар.

– Жим, ўртоқлар, тинчлик сақлансин, – деди қалам билан стол устига тақиллатиб Вали Зокирович. – Биламан, ишонмаяпсизлар. Ваҳоланки, дунё миқёсидаги машҳур «Гоод» фирмаси юзлаб компанияларда бу аппаратни синовдан ўтказган. Натижалар расмий равишда эълон қилинган. Хўш, кимдан бошлаймиз?

Бу савол, худди, «биринчи кимни бўлиб... сўямиз?» деганга ўхшаб кетди. Ускунага яқинроқ ўтирганлар зипиллаб орқа томонга ўтиб олишди.

– Зулфияхондан бошлайлик, – деди Сатторов. – Бу қандай аппарат, деб қизиқяпти-ку!

– Нега мендан бўларкан? – кўзларини ола-кула қилди Зулфия. – Сиздан бошлаймиз. Ишда мудраб ўтирасиз-ку, би-и-р шармандангиз чиқсин.

Сатторов қизариб кетди:

– Бу нима деганингиз? Қачон мудрадим? Сиз ўзингизни билинг. Кун бўйи пайпоқ тўқийсиз.

Ҳакимов таклиф киритиб қолди:

– Яхшиси, алифбо бўйича бошлайлик, нима дейсизлар?

Абдураҳимов сапчиб турди:

– Нега энди алифбо бўйича экан? Ундан кўра, мана, ёши улуғлардан бошлаб беришсин.

– Яхши эмас, – бош чайқади Нуриддин ака. – Ёши катталарнинг кўнгли нозик бўлади. Бу аппарат нотўғри таъсир қилиб, шартта ўлиб қолсак, ким жавоб беради, хўш, ким?

Кимдир шу имкониятдан ҳам фойдаланиб қолмоқчи бўлди:

– Виждон кўрсаткичи юқори бўлганларга пул мукофоти бериладими?

Хуллас, биров у деди, бошқаси бу деди. Ҳамма ўзидан ҳадиксирарди. Ҳатто, бошлиққа: «Вали Зокирович, ўзингиз бошлаб берсангиз бўларди», деганлар ҳам бўлди. Аммо шунча одам ваҳима қилгани боис Вали Зокировичнинг ўзи ҳам қўрқиб қолганди.

– Яхшиси, ҳаммани алоҳида-алоҳида текширувдан ўтказайлик, – деди оқ халатли йигит тоқати тоқ бўлиб. – Қўшни ташкилотда шундай қилдик. Хулосалар умумий тарзда сир тутилди.

Вали Зокирович ҳаммани хонадан чиқарди. Биринчи бўлиб Тўраев чақирилди. У терлаб-пишиб курсига ўтирди. Халатли йигит унинг бошига гардишни кийдирди. Сўнг ускунадаги «START» ёзувини босиб, телевизор экранига қаради. Хонада жимлик чўккан, Тўраев нафас олишга ҳам қўрқарди. Экран жимирлаб турди-да, кейин мия қатламларини кўрсатди. Бироздан сўнг инглизча ёзув пайдо бўлди.

– Бўлди, кетаверинг, – деди лаборант Тўраевнинг бошидан гардишни олиб.

Тўраев натижани сўраб ҳам ўтирмай, ўзини эшикка урди.

– Хўш? – лаборантга юзланди Вали Зокирович.

Лаборант йигит экрандаги ёзувдан кўз узмай деди:

– «Виждони мутлақо йўқ», деб ёзди.

– Ие, жа бунчалик эмас-ей, – деди аччиқланиб Вали Зокирович.

Қодирова билан Саримсоқовнинг натижаси ҳам шундай бўлди.

– Энди кимни чақирамиз? – сўради лаборант йигит.

– Шошманг-шошманг, – деди Вали Зокирович. – Ҳалиги... қўшни ташкилотни текширганингизда, натижа қалай бўлувди?

– Фақат кекса қоровулдан ташқари...

– Бундай қиламиз, ука. Сиз, яхшиси... кетаверинг. Мен ходимларни аввал тайёрлай, виждонларини уйғотай. Кейин сизни қайтадан чақираман. Улар иш билан бўлиб, виждонларини унутиб қўйишган-да, ахир! Шунақаси ҳам бўлади-ку, тўғрими? Бора қолинг. Ҳозирча ходимларга, аппарат бузуқ экан, деб қўя қоламиз.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг